Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европада қор бўрони: олти киши ҳалок бўлди, юзлаб рейслар бекор қилинди
11:54 / 2026-01-07

Европа минтақаси бўйлаб кучли қор ёғиши ва музламалар жиддий транспорт фалокатларига сабаб бўлди. Қитъанинг турли ҳудудларида ноқулай об-ҳаво билан боғлиқ ҳодисалар оқибатида камида олти киши ҳалок бўлгани, минглаб йўловчилар эса йўлларда ва аэропортларда сарсон бўлаётгани маълум қилинди.

Франция расмийларининг билдиришича, ўлканинг икки ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида беш нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Яна бир аёл Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода 40 сантиметргача қор ёғиши ортидан дарахт қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, қор бўрони авиация қатновларига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Париж ва Амстердам аэропортларида юзлаб рейслар бекор қилинган. Франциянинг жануби-ғарбида жойлашган Ландес ҳудудида пайдо бўлган музлама сабаб уч киши автоҳалокатда ҳалок бўлган. Мамлакат метеорология хизмати 38 та ҳудудда “тўқ сариқ” огоҳлантириш эълон қилинишини билдирди. Кўплаб темирйўл қатновлари ҳам вақтинча тўхтатилди.

Нидерландиянинг Амстердам шаҳри яқинидаги “Schiphol” аэропортида 400 дан ортиқ рейс бекор қилинди. Яна 600 рейс жадвалдан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар бор. Сешанба куни мамлакат IT тизимидаги носозлик сабаб барча поездлар қатнови қисқа муддатга тўхтатилди. Баъзи йўналишлар қайта тикланган бўлсада, кун давомида муаммолар сақланиб қолди.

Экологлар об-ҳаво шароити яқин кунларда ҳам хавфли бўлишини таъкидлаб, фуқароларни эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА