Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европада қандли диабетга чалинганлар кўпаймоқда (+видео)
15:37 / 2025-10-06

Яқинда эълон қилинган ҳисоботда Европанинг 66 миллионга яқин ёши улуғ фуқароси қандли диабет билан курашиб яшаётгани келтирилган. Тахминга кўра, 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 10 фоиз ошиб, 72 миллионга етади.

Халқаро диабет федерациясининг сўнгги ҳисоботи учун 158 давлат ва минтақадаги 250 дан ортиқ миллий диабет уюшмалари маълумоти асос қилиб олинди.

Сурункали эндокрин касаллик ҳисобланган, қонда шакар миқдори юқорилиги билан хосланадиган қандли диабет вақт ўтиши билан юрак, қон томири, кўз, буйрак ва асаб тизими билан боғлиқ жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Юқорида келтирилган рақамлар, шунчаки, “айсбергнинг учи” сифатида баҳоланмоқда, чунки 20-79 ёш оралиғидаги европаликларнинг учдан бир қисмида диабет бор. Фақат буни беморларнинг ўзи билмайди. Европа Иттифоқи доирасида энг кўп хасталар Германияда яшайди: 6,5 миллион немис сурункали диабетга чалинган. Кейинги ўринларда Италия ва Испания турибди.

Энг юқори ёшга нисбатан мослаштирилган тарқалиш кўрсаткичи Португалия, Хорватия, Мальта ва Кипрда кузатилади. Бу давлатларда катта ёшлиларнинг тахминан 10 фоизи ортиқча қанд билан яшайди. Тарқалишнинг энг паст даражаси – 3 фоиз Ирландияда қайд этилган.

Таъкидланишича, Европа 1-турдаги беморлар сони бўйича дунёда етакчи. 1-тур диабет – аутоиммунда организм инсулин ишлаб чиқармайди ва одатда болалик ёки ўсмирлик даврида ривожланади.

Бинобарин, Халқаро диабет уюшмаси ушбу хулосага эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини таъкидлайди. Сабаби, болаларда 1-тур диабет ҳақидаги маълумот етарли эмас. Бу борадаги ахборот асосан юқори даромадли мамлакатларда тўплангани статистикага таъсир қилиши мумкин.

Бир нарса аниқ: сўнгги йилларда бутун дунёда 2-тур қандли диабет кескин кўпайиши кузатилди. Бундай хасталикда тана инсулинни самарали қўллай олмайди. Касаллик жуда секин ва одатда ёши улуғларда ривожланади.

Бу касалликнинг оммалашиши, асосан, урбанизация даражаси ортиши, аҳоли қариши ва нотўғри турмуш тарзи, яъни кам ҳаракатланиш, носоғлом овқатланиш билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Қандли диабет билан оғриган беморларнинг тахминан 10 фоизи 1-тур, қолгани 2-турга мансуб.

Мутаxассислар фаразига кўра, соғлиқни сақлаш тизимида диабет билан боғлиқ харажат йилига 1 триллион евродан ошади. Бу жами бюджетнинг тахминан 12 фоизи. Статистика вазият йил сайин жиддийлашаётганидан дарак бермоқда.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wbeD3o6zsXE" title="Yevropada qandli diabetga chalinganlar ko‘paymoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

К.Бекжонов, ЎзА