Германияда об-ҳаво уч кишининг ҳаётига зомин бўлди. Улар музлаган йўлда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган.
Мюнхен аэропортида парвозлар вақтинча тўхтатилди. Бу маълумотлар “Еuronews” телеканали ахборотида келтирилган.
Саксонияда мактаб автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учради, бир бола нобуд бўлди, олти ўқувчи жароҳатланди. Икки нафар катта ёшли йўловчи ва ҳайдовчининг аҳволи оғир.
Юқори Бавария ўлкасида енгил автомобил ва трактор тиркамаси тўқнашиб кетиши оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди. Полиция маълумотига кўра, машина душанбага ўтар кечаси автомагистрал юзасида ҳосил бўлган муз қобиғида сирпаниб кетиб, катта йўлнинг нариги томонида тўхтаб қолган юк уловига орқа томондан бориб урилган.
Сешанба куни эрталаб Aвстриянинг Зальцбург ва Инсбрук, шунингдек Швейцариянинг Цюрих шаҳарларига темир йўл қатнови тўхтатилди. Йўловчилардан зарур бўлмаган саёҳатлар вақтини кўчириш сўралган.

Германия жанубида, шунингдек қўшни Aвстрия ва Швейцарияда кучли қор ёғиб, жамоат транспорти ҳаракатига таъсир кўрсатди, тоғли ҳудудларда қор кўчкиси хавфи юқори.
Хабар қилинишича, шанба куни Германия жанубида кучли қор ёғиши ва йўл музлаши натижасида ҳаракат тартибсизлиги юзага келган.
Буюк Британия
Aнглиянинг бир неча минтақасида ноқулай об-ҳаво туфайли сув тошқини кузатилди. Темир йўл қатнови тўхтатилди, кўплаб йўллар ёпиқлигича қолмоқда.
Мамлакат шимоли – Камбрияда кучли қор минглаб хонадонни электр энергиясидан маҳрум қилди. Автомобиллар қор билан қопланган йўлларда қолиб кетди.

Польша
Краков маъмурияти ўтган дам олиш кунлари шаҳарни қоплаган кучли қор оқибатини енгишга ҳаракат қилмоқда. Кўчаларга 4600 тонна туз сепилди. Уч кун ичида қор тозалаш учун кўпинча бутун қишга етадиган миқдордан кўпроқ маблағ сарфланди.
Гўзал Сатторова тайёрлади. ЎзА