Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари Бухорода
14:16 / 2025-11-16

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти(ЕХҲТ)нинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили Ян Брату бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди. Меҳмонлар вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шаҳриёров билан учрашди.

Учрашувда мамлакатимизда давлат сиёсатининг очиқлиги ва шаффофлиги сезиларли даражада ошгани, сўз эркинлиги кафолатлари мустаҳкамланаётгани, оммавий ахборот воситаларининг мустақил ва профессионал ривожланиши учун зарур шароит яратилаётгани эътироф этилди. 

Меҳмонларга вилоятнинг бугунги салоҳияти, барча соҳаларда эришилаётган муваффақиятлар, кўҳна ва навқирон шаҳарга чет элликларнинг қизиқиши ортиб бораётгани, ҳудудда сайёҳликни ривожлантиришга доир амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида атрофлича маълумот берилди. 

Мамлакатимиз, жумладан, вилоятда оммавий ахборот воситалари фаолияти, сўз эркинлиги ва медиа муҳитини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатни эътироф этган ЕХҲТ вакили Ян Брату самимий дўстона муносабат ва меҳмондўстлик учун  вилоят мутасаддиларига ўз миннатдорлигини билдирди. 

Шунингдек, тажриба алмашиш, журналистлар малакасини ошириш, қўшма тренинглар ва таълим дастурларини ўтказиш, ЕХҲТ етакчи экспертларининг Ўзбекистондаги тадбирларда иштирок этиши юзасидан фикр-мулоҳазалар баён этилди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.