French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европада газ нархи кескин ошди
18:20 / 2026-03-03

Яқин Шарқдаги кескинлик Европа энергетика бозорига дарҳол таъсир қилди. “Нидерландия TTF” нархи ўтган ҳафта охиридаги 30 евродан бугун 60 еврога чиқди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари ортидан суюлтирилган табиий газ (LNG) таъминоти қисқариши мумкин. Айни хавотир бозордаги нархда акс этяпти.

Европа 2022 йилдан бошлаб Россиядан қувур орқали борадиган газга қарамликни кескин камайтириб, денгиз йўли билан етказиладиган LNG русумига ўтди. Натижада таъминот диверсификацияси кузатилди, аммо шу билан бирга глобал логистикага боғлиқлик ҳам кучайди. Қатар "Европа LNG" импортининг тахминан 12-14 фоизини қоплайди. Айни пайт Ҳормуз бўғози орқали ўтадиган юк жиддий хавф остида. Ҳар қандай узилиш нархни яна сакратиши мумкин.

ЕИда газ захираси йил бошига нисбатан кам — тахминан 30 фоиз. Германия ва Францияда омборлар 20 фоиз хом ашё тўплаган. Агар улгуржи нарх 50-60 евродан юқори даражада узоқ сақланса, бу иситиш ва электр тўловига кечикиб таъсир қилади. Айниқса, энергия кўп сарфланадиган тармоқлар — кимё, металлургия, ўғит ишлаб чиқариш рақобатбардошлик босимига дуч келиши мумкин.

Энг кўп таъсирни газга ўта таянган мамлакатлар — Германия, Италия, Нидерландия, шунингдек Марказий ва Жанубий Европа давлатлари ҳис қилиши мумкин. Демак, ҳукуматлар эҳтимолий ижтимоий босимни юмшатиш учун мақсадли қўллаб-қувватлаш чораларини кўриб чиқишига тўғри келади.

Мусулмон Зиё, ЎзА