Европа Комиссияси бутун иттифоқ бўйлаб компаниялар фаолиятини тартибга солувчи ягона ҳуқуқий тизим яратишни режалаштирмоқда. Ташаббуснинг мақсади бизнесни тезроқ йўлга қўйиш, харажатни камайтириш ва стартаплар минтақани тарк этмасдан, айнан шу ҳудудда ривожланишини таъминлаш.
Ҳозир ЕИда компания очиш ёки корхонани кенгайтириш 27 хил миллий қонун билан боғлиқ мураккаб жараён ҳисобланади. Бу эса ҳужжатбозликни кўпайтиради, кўп вақт ва маблағ талаб қилади, тадбиркорни эса бизнес эҳтиёжидан кўра, қайси давлатда тартиб осонроқ эканига қараб қарор қабул қилишга мажбурлайди.
Айни муаммони бартараф этишга қаратилган“EU-INC” номли янги лойиҳа эса компанияларга тўлиқ онлайн тарзда, ягона Европа қоидалари асосида ишлаш имконини беради. Бундай ҳуқуқий шакл барча аъзо давлатлар томонидан бевосита тан олинади ва миллий чегараларга боғлиқ бюрократик тўсиқларни камайтиради.

Брюссель “28-режим” деб атаган бу модель мажбурий эмас. Шундай бўлса-да, Европа стартап ва инновацион бизнес лойиҳалари жадаллашиши ва глобал рақобатга бардошли бўлиши учун мўлжалланган. Режага кўра, ҳужжат март охиригача парламентдан ўтади, 2027 йилдан эса илк EU-INC компаниялари иш бошлайди.
Муҳими, ташаббус солиқ ёки меҳнат қонунчилигига дахлдор эмас. Асосий нишон Европа иқтисодиётидаги энг катта муаммолардан бири - парчаланишни камайтириш ва бозорни ҳақиқатан ягона қилиш экани айтилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА