Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европада 1 май намойишлари
09:52 / 2023-05-02

Европа мамлакатлари пойтахтларида Халқаро меҳнаткашлар бирдамлиги куни муносабати билан оммавий акциялар бўлиб ўтди.

“Евроньюс” хабарига кўра, 1 май куни Европа бўйлаб омма инфляция ва турмуш даражасининг пасайишига қарши норозилик намойиши ўтказди. Узоқ йиллардан, хусусан, пандемия пайтидан бери норозиликнинг бундай глобал ифодаси кузатилмагани қайд этилди.  

Испанияда касаба уюшмалари томонидан 70 дан ортиқ юришлар ташкил этилди. Намойишчилар инфляцияга мос равишда меҳнатга муносиб ҳақ ва ойликларнинг оширилишини талаб қилиб чиқишди.  

Ана шундай талаб билан афиналик ўн минглаб намойишчилар кўчага чиқишди. Греция пойтахтидаги акция 21 май куни ўтказиладиган парламент сайлови фонида бўлиб ўтди.  

Берлиндаги намойишда тўрт мингга яқин киши қатнашди. Улар компаниялар ва ҳукуматдан ресурслар ва даромадларни янада адолатли тақсимлашни талаб қилиб чиқдилар.  

Франциядаги бу йилги 1 май байрами пенсия ислоҳотига қарши норозилик билдириш учун имконият яратди. Бу эса намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлди.  

“CFDT” касаба уюшмалари бош котиби Лоран Берженинг айтишича, ижтимоий сўровларда қатнашган ҳар 10 францияликдан етти нафари пенсия ёшини 62 дан 64 ёшга кўтаришга қарши.  

Франция бўйлаб 12 минг, шу жумладан, Парижда беш минг полиция ва жандарма ходимлари хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган эди. Тинч тарзда бошланган намойишлар тез орада Париж, Лион ва бошқа шаҳарларда полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган.

Истанбулдаги Тақсим майдонида намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви содир бўлган. Аввалроқ, ҳокимият бу ерда 1 май намойишини ўтказишни тақиқлаган эди.  

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бир неча кишини ҳибсга олгани хабар берилди.  

“Евроньюс”нинг таъкидлашича, Украина атрофидаги зиддият туфайли Россиядаги Меҳнаткашлар бирдамлиги байрами хавфсизлик нуқтаи назаридан анъанавий намойишлар ўтказилмаган. Фақатгина Коммунистик партия Москвадаги Карл Маркс ҳайкали атрофида ватанпарварлик митинги форматида йиғилиш ўтказган.

Аброр ХОН, ЎзА