Европа журналида “Жайрон" ўқув машғулотлари ҳақида мақола чоп этилди
«Жайрон» ўқув машғулотлари Фуқаро муҳофазаси институти полигонида ўтказилган энг кенг қамровли машғулотлардан бири бўлди.
Европа Иттифоқининг "European Security and Defence Union" журнали навбатдаги сонида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов билан суҳбат ҳамда Кимёвий ва бактериологик қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция ижросини назорат қилиш бўйича инспекция бошлиғи Отабек Қосимовнинг мақоласи чоп этилди.
Ушбу материаллар 2019 йил 13-14 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институти полигонида бўлиб ўтган «Жайрон» контртеррорчилик кимёвий-биологик машғулотларига бағишланди. Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг топшириғига мувофиқ, ЕИнинг кимёвий, биологик, радиологик ва илғор тажрибавий ядро марказлари ташаббуси ҳамда 2018-2021 йилларда кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режасига кўра ташкил этилди.

«Жайрон» ўқув машғулотлари Фуқаро муҳофазаси институти полигонида ўтказилган энг кенг қамровли машғулотлардан бири бўлди. Унда ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмаларининг 250 дан ортиқ жанговар ходимлари ва ихтисослаштирилган идоралар мутахассислари, халқаро экспертлар иштирок этди. Машғулотларда 235 махсус техникадан фойдаланилди.
Ўқув машғулотлар режаси ташкилий-ишчи гуруҳ ва Полшанинг ENCO компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди ва тўртта ўзаро мантиқий боғлиқ қисмлардан ташкил топди. Масалан, кимёвий ва биологик қуролдан фойдаланган ҳолда террорчилик хавфи юзага келганда, давлат тузилмаларининг бунга жавоби ва мувофиқлаштирилган хатти-ҳаракатлари намойиш этилди. Хусусан, мамлакатга хавфли моддалар олиб кирилиши тўғрисида маълумот олиш, давлат чегарасини кесиб ўтишда хавфли юкларни аниқлаш тартиблари ва яширин кузатув имкониятлари тадқиқ этилди. Яширин лабораторияларни аниқлаш ва айни вақтда тезкор штабни ташкил этиш усуллари кўриб чиқилди. Мутахассислар лабораторияларни қўлга олиш, ўрганиш ва зарарсизлантириш йўллари, жиноятчиларнинг шерикларини аниқлаш, аҳоли зич жойлашган пунктларда террорчилик ҳаракатларини бартараф этиш ҳамда дала шароитида қўлбола ишланган портлаш мосламаларини зарарсизлантириш усулларини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, йирик савдо-кўнгилочар марказининг кинозалида террорчилик ҳаракатини уюштиришга уриниш тасвирланган ҳолат ташкиллаштирилди. Бунинг учун полгион аскарлар билан ўраб олинди ва бу ердан фуқаролар эвакуация қилинди. Террорчилик ҳаракати саҳна кўринишида мутахассислар портловчи мослама муляжини аниқлади, уни зарарсизлантириб, олиб чиқиб кетди.
Воқеалар реалликка максимал даражада яқин қилиб ташкиллаштирилди. Шу боис, мавжуд барча куч ва воситалар, жумладан, робот техникалари ва махсус ўргатилган итлардан фойдаланилди. Машғулотларда иштирок этиш учун Афғонистон, Мўғулистон ва Қирғизистондан мутахассислар жалб этилди.
Ўқув машғулотларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси вакиллари, илғор тажриба марказларининг бешта минтақавий котибияти раҳбарлари ва мувофиқлаштирувчилари, Европа, Африка ва Осиёдаги 15 мамлакатдан мутахассислар иштирок этди.
Ўқув машғулотлари режасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги хизматининг ўзаро мувофиқ ва изчил ҳаракатлари ишлаб чиқилди.
Ўқув машғулотлар якунида юксак профессионал иқтидорини ва амалий кўникмаларини намойиш этган иштирокчиларга совғалар, сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг Европа Иттифоқи билан муносабатлар мустаҳкамлана бошлади. 1996 йилда қабул қилинган Ҳамкорлик тўғрисидаги келишув самарали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим асос бўлди ва икки томонлама ҳамкорлик йўналишларини кенгайтирди. Бугунги кунда ЕИ ва Ўзбекистон савдо, инвестиция, интеллектуал мулк, инсон ҳуқуқлари, маданият ва хавфсизлик каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.