Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари биринчи форуми
21:58 / 2020-01-15

Пойтахтимизда иш бошланган Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилар форумининг биринчи куни ниҳоясига етди.


Пойтахтимизда иш бошланган Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилар форумининг биринчи куни ниҳоясига етди.

Халқаро истеъмолчилар ташкилоти ва Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерациясининг таклифига биноан, нафақат минтақада, балки Европа ва Осиё қитъалари ҳудудида илк бор ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманни ўтказиш мамлакатимизга топширилиши бежиз эмас, албатта.

Ўзбекистон 2018 йилда Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзолигига қабул қилинди ва тузилма доирасидаги меъёрлар тўла-тўкис бажариб келинмоқда. Энг асосийси, республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги ташаббуслар ишлаб чиқилаётгани, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича фаол иш олиб борилаётгани Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги халқаро рейтинги кескин кўтарилишига замин яратди.

Форум давомида соҳада рўй бераётан янгиликлар, юзага чиқаётган янги турдаги ижтимоий муносабатлар ҳақида маълумот алмашилди, ушбу жараёнда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги ғоя, таклифлар ўртага ташланди. Назарий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш йўллари муҳокама қилинди.

Анжуманда Европа ва Осиёнинг йирик, истеъмол бозорида юқори мавқега эга, туризм, ишлаб чиқариш ва бошқа муҳим соҳалар ривожланган давлатлари вакиллари иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам сўнгги йилларда тараққиётнинг янги босқичига ўтди. Мамлакатимизга сайёҳлар оқими йил сайин ортмоқда. Табиийки, бундай вазиятда наинки маҳаллий истеъмолчилар, балки хорижий мамлакатлардан ташриф буюраётган фуқароларга ҳам сифатли хизматлар кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Шу маънода форумда кўтарилган масалаларга ечим излаш, муаммоларни бартараф этиш йўлларини қидиришдан Ўзбекистон ҳам бевосита манфаатдор.

Халқаро экспертлар томонидан форум дастури учун нафақат республикамиз, балки бутун минтақа учун долзарб бўлган мавзулар танланган. Хусусан, электрон тижорат тизимини жорий қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, трансчегаравий мурожаатлар ва уларни кўриб чиқишдаги юзага келадиган турли ҳолатлар таҳлили, ушбу жараёнларнинг ўзига хос хусусиятлари сингари мавзуларда ялпи мажлислар ўтказилади.

Форум якуни бўйича Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчиларига мурожаатнома қабул қилиниши режалаштирилган. Мазкур тавсиявий характерга эга мурожаатнома асосида соҳанинг келгусидаги истиқболли режалари белгилаб олинади.

16-17 январь кунлари “Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилар форуми” ўз ишини Самарқандда давом эттиради.