Қолган минтақалардачи?
Жиддий геосиёсий ва иқтисодий инқирозга қарамай, одамлар саёҳат қилишни хуш кўраверади. Ўзга юртларни томоша қилиш, бошқа минтақалар ҳаёт тарзи билан танишиш, осари атиқалар, меъморий обидалар, муқаддас қадомжоларни зиёрат қилиш кишига ўзгача мароқ бағишлаши турган гап. Фақат молиявий жиҳат саёҳат қилишга монелик қилмаса бўлди. Қолаверса, туризм дунёдаги кўплаб мамлакатлар учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. Аҳолининг кенг қатлами ушбу соҳада ишлаб рўзғор тебратади. Ўз-ўзини банд қилиш эса жамият учун ҳам, давлат барқарорлиги учун ҳам муҳим.
Афсуски, туризм жадал ривожланаётган бир пайтда, яъни 2019 йил дунё аҳли коронавирус пандемияси билан юзма-юз келди. Турли чекловлар жорий қилиниши одамларни тўрт девор орасига қамаб қўйди. Натижада сайёҳлик соҳаси жиддий зарбага учради.
Кўрилган зарар ҳалиям охиригача ҳисоблаб чиқилгани йўқ. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) маълумотига кўра, соҳадаги йўқотиш 1.2 триллион доллардан ошиши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Савдо ва тараққиёт конференцияси ҳисоботига кўра, туризм саноати муаммоси сабаб жаҳон ялпи ички маҳсулоти 2.8 фоизгача қисқариши эҳтимоли мавжуд. Бу жаҳон иқтисодиёти учун 1.17 дан 2.22 триллион долларгача йўқотиш, дегани.
Ҳозир пандемия анчагина орқага чекинган, албатта. Деярли бутун дунёда инфекция билан боғлиқ чеклов бекор қилинган. Иқтисодиётнинг барча соҳалари каби туризм ҳам аста-секин аввалги ҳолига қайтмоқда. Фақат вазият турли минтақаларда турлича ривожланмоқда.
Яқинда ЮНВТО пандемия билан боғлиқ чеклов олиб ташлангач, сайёҳлик сезиларли равишда тикланаётганини маълум қилди.
Маълумотда айтилишича, 2022 йилнинг дастлабки беш ойида 250 миллион сайёҳ давлат чегарасини кесиб ўтган. Ўтган йил худди шу даврда бор-йўғи 77 миллион киши хорижга чиққан эди. Таъкидланишича, сектор аста-секин тикланиб, пандемиядан олдинги даражага қайтмоқда. Дунёнинг барча ҳудудларида халқаро сайёҳлар сони кескин ошмоқда.
“Қийинчиликка қарамай, туризм дунёнинг кўплаб мамлакатларида жадал ривожланмоқда”, дейди UNНWТО Бош котиби Зураб Пололикашвили. Шу билан бирга иқтисодий ва геосиёсий муаммо 2022 йил охиригача туризм ривожига салбий таъсир қилишидан хавотир ҳам билдирилган.
Қайд этилишича, туризмни тиклашда Европа ва Америка етакчилик қилмоқда. Европа жорий йил 2021 йилнинг биринчи беш ойидагига нисбатан тўрт баробар кўп халқаро сайёҳ қабул қилди. Табиийки, бунга одамларнинг саёҳат қилишга талаби кескин ошгани, мамлакатларда барча чекловлар олиб ташлангани ёрдам бермоқда. Масалан, бу йил Америкага ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўп келган.
“Ушбу ҳолат 2021 йилдаги заиф натижа билан боғлиқ”, демоқда экспертлар. Умуман, ҳар икки минтақада ҳам бу йил сайёҳлар оқими жиддий ошганига қарамай, 2019 йилдаги даражадан мос равишда 36 ва 40 фоиз паст. Тўғри, баъзи йўналишлар 2019 йил даражасидан ошди. Масалан, АҚШнинг Виржиния ороллари, Цент-Мартин, Молдова Республикаси, Албания, Гондурас ва Пуэрто-Рикода сайёҳлик саноати пандемиядан аввалги ҳолатга қайтган. Буларнинг бари пандемия даврида энг кўп зарар кўрган туризм соҳаси аста-секин зарбадан халос бўлаётганидан далолат.
Соҳа аввалги юксалиш ҳолатига қайтиши баробарида туризм харажати ва қабул қилувчи мамлакат даромади, қолаверса, туризмга сарф ҳам ортмоқда. Франция, Германия, Италия ва АҚШдан келган сайёҳларнинг халқаро харажати пандемиядан олдинги миқдорнинг 70-85 фоизига етди. Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва Қатардан келаётган сайёҳлар чиқими эса 2019 йилдаги даражадан ошди.
Умуман, халқаро туризмдан тушган даромад бўйича Молдова Республикаси, Сербия, Сейшел ороллари, Руминия, Шимолий Македония, Сент-Люсия, Босния ва Герцеговина, Албания, Покистон, Судан, Туркия, Бангладеш, Сальвадор, Мексика, Хорватия, Португалия каби давлатлар аллақачон пандемиядан олдинги даражада тикланган.
Шунга қарамай, жаҳон туризм индустрияси пандемиядан аввалги ҳолатига қайтишига бироз вақт борга ўхшайди. Мутахассислар бунинг учун камида икки йил керак, демоқда. Масалан, Европа туризм комиссияси ижрочи директори Эдуардо Сантандер “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида “сўнгги ҳисоботимиз кўрсатдики, глобал туризм иқтисодиётининг аввалги ҳолига қайтиши учун яна икки йил керак”, деди.
Дунёнинг барча йўналишларига саёҳат тикланиши иқтисодий омилларга, чеклов олиб ташланиши тезлигига, авиация саноати ҳолатига, потенциал саёҳатчининг хавф-хатардан қочиш даражасига боғлиқ, дея қўшимча қилди эксперт.
Хуллас, туризм аста-секин бўлса-да, аввалги ҳолатга қайтмоқда. Буни жорий йил юртимизга келаётган туристлар оқими кескин ошганида ҳам кўриш мумкин.
Зеро, Ўзбекистон диёри осмон ўпар тоғлари, бепоён чўллари, шаффоф сувли кўллари, боғ-роғга бурканган водийлари билан етти иқлимда машҳур. Заминимизни ўз кўзи билан кўриш иштиёқида юртимизга келаётган сайёҳлар эса уйларига олам-олам таассурот билан қайтиши шубҳасиз. БМТ ҳузуридаги Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон туризм саноати энг тез ривожланаётган давлатлар рейтингида юқори ўринларни эгаллаётгани ҳам фикримизга далил бўла олади.
С.Раҳимов, ЎзА