Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 7 миллион евролик грант лойиҳа амалга оширилади
10:22 / 2022-09-03

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон ЕТТБ билан 7 миллион евролик грант шартномасини имзолади. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Лондондаги штаб квартирасида 1 сентябрь куни мазкур шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Ядро хавфсизлиги департаменти директори Балтазар Линдауэр ўртасида Ўзбекистоннинг Чоркесар ва Янгиобод махсус полигонларини рекултивация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш бўйича грант лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди. 

Қолаверса, 2021 йилда Давлат экология қўмитаси ва ЕТТБ ўртасида консультатив ёрдам кўрсатилиши учун 2 миллион евро миқдоридаги биринчи битим имзоланган эди. Жами 9 миллион евро миқдоридаги грант лойиҳаси банк томонидан Марказий Осиё учун Атроф-муҳитни реабилитация қилиш экологик ҳисоби махсус фонди ҳисобидан молиялаштирилади.

Грант лойиҳаси доирасида 2022-2025 йиллар давомида махсус участкаларини экологик соғломлаштириш ва рекултивация қилиш тадбирлари амалга оширилади. Рекултивация ишлари 2023 йилнинг биринчи чорагида бошланиши режалаштирилган бўлиб, тахминан икки йил ичида якунланади. 

Лойиҳа доирасидаги қурилиш ва реабилитация ишлари маҳаллий ва германиялик мутахассислар иштирокида амалга оширилади. Таъкидланишича, ижтимоий йўналтирилган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ушбу ҳудудларнинг экологик ҳолатини  яхшилашда катта ўрин тутади.  

Яқин келажакда санитария-экологик вазиятни яхшилаш ҳудуднинг барқарор ривожланишига, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларга қўшимча инвестициялар жалб этилишига, шунингдек, ҳудудларнинг туристик ва экотуристик салоҳиятини ривожлантиришга, маҳаллий аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилади.  

Учрашув якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича томонларнинг мажбуриятлари юзасидан келишиб олингани маълум қилинди. Яна бир маълумот, ЕТТБ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистонда радиоактив чиқиндилар мавжуд ҳудудларни экологик соғломлаштиришга 2 миллион евро ажратиши ҳақида хабар берилганди. 

Шунингдек, ЕТТБ Ўзбекистонда метан эмиссиясини камайтириш дастурини ишлаб чиқишга ёрдам бериши маълум қилинганди. 
 

 Ш.Маматуропова
ЎзА