Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа стандартлари билан жаҳон бозорига чиқаётган фармацевтика корхонаси
12:46 / 2026-02-15

Президент ташаббуслари – амалда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббиёт хизмати сифатини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқаро илғор тажрибаларни жорий этиш, соҳадаги янгиланишларни тезкор татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дунёда фармацевтика саноати жадал ривожланиб бормоқда. Янги турдаги дори-дармонлар ва замонавий формулалар пайдо бўлмоқда. Бу турдаги маҳсулотларнинг хавфсизлигини доимий назорат қилиш муҳим талаб саналади. Чунки дориларининг ҳар бир таркибий қисми инсон саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади. 

Фармацевтикага алоҳида эътибор қаратиш аҳолининг соғлом ҳаёти, тиббиёт тизимининг барқарор ишлаши, мамлакатнинг ушбу соҳадаги мустақиллигини таъминлаш демакдир. Сифатли дори воситалари мавжудлиги эса беморларнинг тезроқ шифо топиши учун алоҳида аҳамиятга эга. 

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 январда қабул қилинган “Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим асос бўлди. Ҳужжатга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчи ҳамда сотувчи ташкилотлар маҳсулот сифати ва хавфсизлиги учун тўлиқ масъул этиб белгиланди. Шунингдек, давлат назоратини самарали амалга ошириш бўйича алоҳида қоидалар жорий этилди.

Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “RomPharm NS” инновацион корхонаси ушбу талабларга тўлиқ жавоб берадиган замонавий фармацевтика ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири саналади. Мажмуа Олмазор туманида 1,4 гектар майдонда барпо этилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 164 миллион долларни ташкил этади. Дастлабки босқичда 29 миллион долларлик ишлар амалга оширилди.

– Бу натижалар мамлакатимизда бизнинг соҳага қаратилаётган эътибор, шахсан давлат раҳбари ташаббусларининг маҳсули деб биламиз, – дейди корхона таъсисчиси Мурод Носиров. – Бу ерда Германия, Италия, Канада, АҚШ, Буюк Британия ва Хитой каби фармацевтикаси ривожланган давлатларнинг энг илғор ускуналари ишламоқда. Корхонамиз Марказий Осиёда “Европа GMP” лицензиясига эга ягона ишлаб чиқариш ва лаборатория мажмуаси ҳисобланади. Ҳозирга қадар Европа стандартларига асосланган 130 турдаги аввал импорт қилинган дори воситаларини маҳаллийлаштирдик. Айни пайтда яна 120 турдаги дори воситасини рўйхатдан ўтказиш жараёнлари давом этмоқда.

Дарҳақиқат, бундай юқори мезонлар маҳсулот сифати, хавфсизлиги ва барқарорлигини кафолатлайди. Бу эса аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш имкониятларини кенгайтиради.

Мажмуада йилига ампула кўринишидаги 120 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати мавжуд. Бу ҳажм асосида корхона 40 миллион долларлик маҳсулот тайёрлаб, шундан 10 миллион долларлик қисмини экспорт қилишни режалаштирган. Маҳсулотлар Европа, Яқин Шарқ, Араб мамлакатлари ва қўшни давлатларга етказиб берилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда корхонада 100 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Келгусида ишлаб чиқариш кенгайиши билан бу кўрсаткич яна 100 тага ошади. Кейинги босқичларда таблетка ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард дона, капсулалар эса 400 миллион донaга етказилиши режалаштирилган.

Бу каби лойиҳалар мамлакат фармацевтика саноатида юқори технологияларга асосланган рақобатбардош маҳсулотлар турини кенгайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий барқарорликка хизмат қилади.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилаётган стандартлар ва замонавий корхоналар мамлакатимизда фармацевтика саноати тўғри йўналишда ривожланаётганидан далолат беради.

Ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши, импорт ўрнини босиш, янги иш ўринлари яратилиши ва экспорт имкониятларининг кенгайиши эса бутун соҳанинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятини янада кучайтиради. 

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири