Бухоро вилояти Шофиркон туманида тиббиёт соҳасида илк бор Европа стандартлари даражасидаги мураккаб ортопедик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.
“Читкарон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро З.Халимова чап оёқ тўпиқ соҳасида оғир жароҳат билан шифокорларга мурожаат қилган. Текширувлар натижасида чап дистал болдирлар ораси синдесмоз шикастланиши ташхиси қўйилган.
Операция жараёнида Европа тиббиётида кенг қўлланиладиган замонавий технологиялар ва махсус тиббий мосламалардан фойдаланилди. Хусусан, шикастланган синдесмоз якирли тугмачали фиксатор (suture-button, tightrope технологияси) ёрдамида тикланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу усул катта ва кичик болдир суяклари орасидаги анатомик тўғри ҳолатни тиклаш, оёқ тўпиқ бўғимининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда беморнинг тезроқ соғайишига хизмат қилади. Шунингдек, кам инвазивлиги сабабли операциядан кейинги асоратлар хавфи камаяди ва реабилитация жараёни қисқа муддатда кечади.
Амалиёт муваффақиятли якунланган ва ҳозирда беморнинг умумий аҳволи барқарор бўлиб, у шифокорлар назорати остида реабилитация муолажаларини олмоқда. Мутахассислар тавсияларига амал қилинса, беморнинг тўлиқ соғайиб, кундалик ҳаёт фаолиятига қайтиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА