“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Глазго университети магистранти, қорақалпоғистонлик Нурсулу Коканова Европа парламентида Таълим сиёсати йўналиши бўйича бир ойлик стажировка ўтади.
Стажировка давомида Нурсулу Европа Иттифоқининг таълим сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнлари ҳақида батафсил тушунча олди. Европа Иттифоқининг таълим, ёшлар ва маданият соҳасидаги устувор йўналишларига, Европа парламентининг институционал тузилмасига, шунингдек, миллий доирадан юқори бўлган сиёсий қарорлар қабул қилиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бир ой давомида Нурсулу Коканова Европа парламентининг турли бўлимлари вакиллари ва етакчи мутахассислар билан учрашувларда иштирок этди. Хусусан, FEMM (Finite Element Method Magnetics) қўмитасини қўллаб-қувватловчи сиёсий департамент фаолияти, Европа ҳисоб палатаси томонидан таълим дастурларини молиявий назорат қилиш, Европа парламентининг тадқиқот хизмати (EPRS) таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишлари бўйича мазмунли муҳокамалар ўтказилди.
Учрашувлар доирасида Европа Иттифоқининг таълим сиёсатининг ҳуқуқий, институционал ва амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.
Амалиёт доирасида Нурсулу Коканова Erasmus+ дастури, ёшлар сиёсати, таълимда тенглик ва инклюзия, шунингдек, рақамли муҳитда ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган тадбирлар ва муҳокамаларда фаол иштирок этди.
Албатта, мазкур амалиёт стипендиатнинг халқаро таълим сиёсати соҳасидаги касбий маҳоратини ошириш, Европа тажрибасини чуқур ўрганиш ва келгусида таълим соҳасида самарали ташаббусларни илгари суришга мустаҳкам амалий асос бўлиб хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА