Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа кутубхоналарида қандай ноёб қўлёзмаларимиз сақланмоқда? (+Видео)
08:10 / 2023-10-05

Юртимиздаги ноёб қўлёзмалар турли сабабларга кўра Европадаги кутубхоналарда сақланмоқда. Уларни ўрганиш ва юртимизга қайтариш бўйича Ўзбекистонлик олимлар томонидан саъй-ҳаракатлар бошланган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Гулноз Халлиева икки йилдирки Европа кутубхоналарида  сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш билан машғул. 

Ушбу қўлёзмаларни Европага бориб қолиш  сабаблари ҳамда уларни юртимизга қандай қилиб қайтариш, улардан фойдаланиш каби ўзимизни қизиқтирган саволларга олимадан  жавоблар олдик.

— Хориждаги қўлёзмаларни ўрганиш ғояси қандай пайдо бўлди?

— Петербургда илмий ишимни ёзиш жараёнида юрган пайтларим Европадан келган олимлар билан суҳбатлашиб қолдим. Улар, “Бизни кутубхоналаримизда сизларни қўлёзмаларингиз жуда кўп, лекин ҳеч ким бориб ўрганмайди”, дейишди. Шундан сўнг менда Европа кутубхоналарида сақланаётган ноёб хазиналаримиз яъни қўлёзмаларимизни ўрганиш ғояси туғилди ва бу ғоя  уйқу бермай қўйди.

Ўзбекистонга қайтгач,  ғоя устида бир йил ўтириб ишладим, тузган режамни  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига топширдим. Улар лойиҳани қўллаб-қувватлашди. Тошкент давлат шарқшунослик университетида ноёб қўлёзмаларни ўқий оладиган мутахассислар ишлагани боис ушбу лойиҳани амалга ошириш учун грант ажратилиб, гуруҳ тузилди. Лойиҳа “Европада сақланаётган аммо Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг электрон платформасини яратиш”, деб номланди. 

— Бу лойиҳани амалга ошириш учун Европа давлатларидан қандай рухсат олинди?

— Қўлёзмаларга давлатимиз сиёсати даражасида аҳамият қаратилган.  Президентимизнинг қатор фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари айнан четда турган бизга оид маданий маърифий обидаларимизни қайтаришга қаратилган.

Қайтаришни иккита йўли бор, биринчиси  китобларни Ўзбекистонга олиб келиш, иккинчиси  ҳеч бўлмаганда ўрганиш йўли билан қайтариш. Биз иккинчи йўлни танладик. Лойиҳа доирасида Европа давлатларидаги кутубхоналарда  ишлаш бўйича бир нечта давлатга  расмий хатлар юбордик. Уларнинг деярли барчасидан ижобий таклифлар келгач, биз лойиҳа аъзолари билан Европа кутубхоналарига йўл олдик. Биринчи ҳаракатимиз Венгриядан бошланган. Сўнг Германия, Франция, Финляндия давлатларида бўлдик.

— Сиз кўпроқ  қандай қўлёзмаларни ўргандингиз?

Мен айнан филологик қўлёзмалар устида ишладим.  Яъни тил ва адабиётга доир, қисман тарихий қўлёзмаларни ҳам кўздан кечирдим. 

— Ўрганишлар  давомида юртимизга тегишли қанча ноёб қўлёзмалар борлиги аниқланди?

— Юртимизга тегишли 117 та янги қўлёзмани топдик ва  платформамизда уларнинг рўйхати ҳамда қисқа таснифини ҳам бердик. Ушбу таснифда қўлёзманинг номи, муаллифи, қачон кўчирилгани, нима ҳақдалиги, бошланиши ва охири қандай тугаши, қайси номерда сақланиши  каби умумий маълумотлар бор.

Европадаги кутубхоналарда  ҳали 10 йиллар давомида ўрганишга арзийдиган қўлёзмаларимиз турибди. 117 та қўлёзма топилди дегани бу келажакда шунча илмий иш дегани. Айрим жойларда уларни фақатгина 5 вароғини расмга олишга рухсат беришди. Аммо Германия билан Францияга қойил қолдим,  улар қўлёзмаларнинг барча вароқларини суратга олишга рухсат беришди. Натижада XIX асрда яшаб ижод этган Хоразм шоири, адиби, тарихчи ва файласуфи Бобожон Саноийнинг “Маорифун Насаф” асарини ҳозирги ёзувимизга ўгириб, 100 нусхасини чоп эттиришга эришдик. 

Иккинчи ноёб китобимиз “Насиҳатномаи Шохи”, деб аталади. Бу китоб XV асрда яшаб ижод этган олим, шоир, файласуф Хусайн Хоразмийга тегишли. Хоразмий  маълум муддат Хоразмда, Самарқандда яшаган. Энг хайрли ишларидан бири Самарқандда кўзи ожиз инсонлар учун мадраса қурдирган.

— Шарқ қўлёзмаларини Европага чиқиб кетиш сабаблари нимада?

— Иккита муҳим томони бор бу масалани. Биринчиси босқинчилик. Бу кўпроқ Россия босқини билан боғлиқ. 1864 йилдан бошлаб Тошкент, Бухоро, Хива хонликлари эгалланганидан сўнг у ердаги асори-атиқалар билан биргаликда қўлёзмаларимиз ҳам Сан- Петербург кутубхоналарига олиб кетилган. 

Ноёб қўлёзмаларимиз Европага эса  Россия орқали бориб қолган. Чунки Россиядаги айрим олимлар ўзларининг шахсий кутубхоналаридаги асарларни сотишган. Иккинчиси швед, италян, голланд, польша каби давлатларнинг дипломатларига қўлёзмаларимиз туҳфа қилинган, баъзида улар сотиб олиб, шахсий коллекцияларини бойитишган. Давр ўтиб, қўлёзмаларни кутубхоналарга топширган. 

— Бу маълумотни тўғрилигини қаердан билиш мумкин?

— Барча давлатларда кутубхонада сақланаётган қўлёзмаларнинг рўйхати бўлади. Ўша руйхатда салкам 5-10, баъзида 50 бетгача сўзбоши ёзилади.  Сўзбошида қўлёзмалар қандай олингани ва қанчага  сотиб олинганича ёзилади. 

— Қўлёзмаларни ўрганаётган пайтингизда хаёлингиздан нималар ўтади?

— Энг аввало қанийди шу қўлёзмалар юртимизда бўлса, деган хаёл ўтади.  Финляндия кутубхонасида “Фирдавсул иқбол” деган жуда ҳам ноёб қўлёзмага дуч келдим. Хоразм тарихига оид асар. Дунёда 9 та нусхаси бўлса энг зўри Финляндияда. Шу қўлёзмани охирги кунимгача бергим келмади. Бизни давлатимиз пулга сотиб олса бўладими, деб сўрадим. “Бу бизни мулкимиз энди, сотилмайди, фақат келиб, бемалол ўрганишингиз мумкин, бунга ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ”, дейишди. 

— Олдингизда яна қандай қўлёзмаларни ўрганиш мақсади турибди?

— Польшада туркий қўлёзмалар жамланмасидан иборат 21 та фонд бор экан. Ўша фонддаги қўлёзмаларни ўрганишга улгурмадим, вақт етмади.  Варшава шаҳрида Фузулийни энг қадимги қўлёзмасини топиб олдим. Фузулий вафотидан 20 йил ўтиб кўчирилган қўлёзма экан. Австрияда ноёб гиёҳларга тегишли, Швецарияда қазилма бойликлари ҳақидаги китобларни кўрдим. Қаерда қанча ўрганилиши керак бўлган қўлёзмалар борлигини билиб олдим. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VO6EJ2k4o3o?si=mmchaXLKMl5vet4O" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Бу қўлёзмаларни бизни аждодларимиз ёзган. Йиллар кетса кетсин лекин уларни тўхтамасдан ўрганишни давом эттиришимиз шарт. Бунинг учун давлат томонидан маблағ ажратилиши ва  махсус гуруҳлар тузилиб, қўлёзмаларни ўрганишни давом эттириш керак. 

Нигора Раҳмонова, Аброр Содиқов (Видео), ЎзА.