Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сурхондарёда
16:02 / 2021-08-22

Расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Т.Хакала Сурхондарё вилоятида бўлиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Марказ директори О. Рўзиев хорижий делегацияга мазкур таълим муасссасида қўшни давлатнинг илмга чанқоқ йигит-қизлари учун яратилган замонавий шароитлар, таълим бериш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Президентимиз ғояси асосида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази қисқа вақтда дунёда муқобили йўқ маърифат муассасасига айланди. Замонавий усулда жиҳозланган ўқув масканида афғонистонлик ёшлар 15 дан ортиқ олий ва 20 га яқин ўрта махсус таълим йўналиши бўйича таҳсил олаётир.

Айни пайтда ўқув даргоҳида яқин қўшни давлатдан 145 нафар афғон йигит-қизлари тиббиёт, темир йўл, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси каби қатор йўналишларда таълим олиб, фан сирларини чуқур ўзлаштирмоқда. Барча дарслар замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилади. Марказда 450 талабани ўқитиш учун етарли шароит мавжуд.

Хорижий делегация афғон талаба-ёшлари учун яратилган шароит ва қулайликларга юқори баҳо берди. Таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш учун марказни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Шу куни меҳмонлар “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика марказини бориб кўрди. Бу ерда қўшни Афғонистон ва бошқа чет давлатлар билан ташқи савдони ривожлантириш учун яратилган шароитлар, омборхоналар, божхона, логистика, тижорат банки ва бошқа хизматлар кўрсатиш тартиб-таомилларини кўздан кечирди. Қўшни давлатда тинч, барқарор ҳаёт қайта изга тушса, ташқи савдони ривожлантириш учун мазкур марказ яхши самаралар беришини таъкидлади.

Вилоят ҳокими Т.Боболов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Т.Хакалани қабул қилиб, ўзаро суҳбатлашди. Эсдалик совғаларини топширди.

Хорижий делегация воҳанинг диққатга сазовар жойлари ва тарихий-меъморий ёдгорликлари билан танишди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА