Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Фарғонада
19:14 / 2023-10-06

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала бошчилигидаги делегация мамлакатимизга амалга ошираётган ташрифи доирасида Фарғона вилоятига келди.

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Вилоят ҳокимлигида Терхи Хакала ва унинг сиёсий маслаҳатчиси Алина Бельская билан учрашув бўлиб ўтди.  

Мулоқотда Фарғона вилояти ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакилига Фарғона вилоятининг хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқалари ҳақида маълумот берди.  

[gallery-13891]

Фарғона вилоятида жалб этилаётган хорижий инвестициялар ва экспорт ҳажми ўсаётганлиги қайд этилиб, бунда ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутаётганлиги таъкидланди. Вилоятнинг қўшни мамлакатлар, хусусан, чегарадош ҳудудлар билан ҳамкорлиги ҳақида ҳам сўз юритилиб, сўнгги йилларда вилоят билан қўшни мамлакатлар ўртасида савдо ҳамда ўзаро инвестициялар ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилаётгани, ички минтақавий туризм кўрсаткичлари ошиб бораётганига эътибор қаратилди.  

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакалага вилоятда қайта тикланадиган энергия манбаларини кўпайтириш, инклюзив “яшил ўсиш”га ўтиш, сувдан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Терхи Хакала Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни амалий дастур ва лойиҳалар билан бойитиш, кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш борасида уларни қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.  

– Делегациямизнинг ташрифи Ўзбекистоннинг турли вилоятларига бўлади, – дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала. – Мен эса Фарғона вилояти аҳоли турмуш тарзи, иқтисодиётининг қандай ривожланишини кўриш учун келдим. Бу албатта, мен учун қизиқ, сабабли илк бор Фарғона водийсида бўлиб турибман. Очиғи бундай имкониятга эга бўлганимдан хурсандман. Фарғонадаги саноат ва бошқа турдаги ишлаб чиқариш соҳалардаги салоҳиятдан оз бўлсада хабардор эдим.  

Учрашувдан маълум бўлдики, вилоятда Европа Иттифоқи билан яхши алоқа йўлга қўйилмоқда. Европа Иттифоқи таркибидаги давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш ва касб- ҳунарга ўқитиш борасидаги лойиҳалари мени хурсанд қилди. Европа Иттифоқи делегацияси ташриф дастури доирасида Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказида бўлиб миллий ҳунармандлик маҳсулотлари билан танишди.  

Фарғона шаҳридаги "Fergana global textile" корхонаси фаолияти билан танишув ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, делегацияни диққатга сазовор жойларни кўздан кечириши, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказиши режалаштирилган.  

 

М.Сулаймонов,  

М. Қодиров олган сурат