Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили билан учрашув бўлиб ўтди
12:36 / 2021-05-25

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий институтларни либерализациялаш, инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт ва ишбилармонлик муҳитининг шаффофлигини ошириш ва ислоҳотларнинг бошқа йўналишларида сезиларли ютуқларга эришгани таъкидланди. Европа томони Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда молиявий-техник ёрдам кўрсатишни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Мулоқот чоғида томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида товар айланмасини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олди. Делегация раҳбари экспортчилар ва тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида “GSP+” преференциялар имтиёзларидан фойдаланиш ҳақида хабардорлигини ошириш учун семинарлар ва бошқа зарур тадбирларни ўтказишда ЕИ кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ҳамкорлик ҳам давом эттирилади – яқин келажакда товар ва хизматларнинг бозорга чиқарилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама музокаралар ташкил этилади. Бундан ташқари, томонлар КШҲБни жорий йил якунига қадар тасдиқлаш мақсадида унинг матнини келишиш бўйича музокараларни жадаллаштиришга келишиб олди.

Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Европа томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон билан савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади ҳамда бу йўналишдаги кўп қиррали ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг муҳокама этилаётган йўналишлари доирасида келгуси амалий ҳаракатларни белгилаб олди. П.Буриан яқин орада ЕИнинг Махсус вакили сифатида ўз ишини якунлашини маълум қилди ва шу муносабат билан Ўзбекистон томони минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, интеграция масалаларини илгари суриш ва Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшилган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

 

ЎзА