Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа Иттифоқи ва ЮНИСЕФ Сурхондарёда қиймати 17 миллиард сўмлик янги лойиҳани бошлади
21:23 / 2022-09-08

Сурхондарё вилоятида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида инклюзив таълим, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш дастури ишга туширилди.

Шу муносабат билан Термиз шаҳрида лойиҳа тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳалар вазирлик, идоралари мутасаддилари, вилоятдаги бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Ш.Адриан, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Р.Турдибоева, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамадзаде, Болалар омбудсмани А.Юнусова ва бошқалар мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларнинг ижтимоий хизматларга эҳтиёжини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мазкур йўналишларни ҳал этишга кўмаклашишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиб, ижтимоий хизматларни кўрсатишга масъул вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари масъулиятини оширилгани, фаолияти мувофиқлаштирилаётгани қайд этилди.

Президентимиз ташаббуси “Инсон қадри учун” тамойилининг ёрқин ифодаси бўлган самарали ва ноёб тизим яратилиб, маҳаллаларда аҳоли кенг қатламлари шу жумладан, хотин-қизлар билан мулоқот олиб боришнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди. Маҳаллаларда уйма-уй юриб, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш вазифалари белгилаб берилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларини таъминлаш учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан ишлаш тизими жорий этилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда.

[gallery-8712]

Шунга мувофиқ маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматларни ташкил этиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланиб, шу йил 1 августдан дастлаб Сурхондарё вилояти маҳаллаларида “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.

Вилоятнинг туман ва шаҳарларида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этиш бўйича маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун ўқув-семинарлари ўтказилди. Бу ишларни сифатли амалга ошириш учун воҳадаги 721 та маҳалла хотин-қизлар фаоллари ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси грант маблағлари ҳисобидан замонавий планшет билан таъминланди.

Воҳа маҳаллаларида болалар, ёшлар ва оилалар учун кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар лойиҳаси 18 ойга мўлжалланган бўлиб, уни амалга ошириш учун Европа Иттиқофи 17 миллиард сўм маблағ ажратган. ЮНИСЕФ ушбу дастурни руёбга чиқариш учун тегишли вазирлик ва маҳаллий ҳокимият органлари ҳамкорлигида 35 минг кишини қамраб олишни режалаштирган. Лойиҳада асосий эътибор зўравонлик, миграция Афғонистондан кўчишга мажбур бўлиб, қийин ҳаётий аҳволдаги болалар, ёшлар ва оилаларга қаратилади. Воҳада инклюзив таълим, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.

–Лойиҳани сифатли амалга ошириш учун маҳаллаларда ижтимоий хизмат моделлари ишлаб чиқилди, – дейди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонова. – Бу модел Сурхондарёда жорий этилиб, уни мониторинг қилиб бориш учун республика, вилоят ва туман, шаҳар штаблари тузилди. Айни пайтда вилоятдаги маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларни ўрганаётир ва муаммоларни ҳал этишни масалага масъул ташкилот ва идораларга йўналтирмоқда. Инклюзив таълим, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш дастурининг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда бу ҳақида атрофлича сўз юритилиб, унинг келгусидаги самаралари таҳлил қилинди.

Тадбирда хорижлик мутахассислар ва маҳаллий мутасаддилар лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар ва кутилаётган натижалар ҳақидаги тақдимотларини ўтказди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири