Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мулоқоти янги босқичда
15:14 / 2022-11-26

Бугун жаҳонда юз бераётган мураккаб геосиёсий жараён ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган зиддият, глобал сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, турфа замонавий таҳдид минтақа ва давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтиришни кун тартибига олиб чиқмоқда.

Бундай шароитда Марказий Осиё давлатларининг минтақани хавфсиз, барқарор ҳамкорлик худудига айлантириш йўлидаги амалий сайъ-ҳаракати тобора жадаллашиб бораётганини кузатиш мумкин. Айниқса, Ўзбекистоннинг бу борадаги фаолоиги ва ташабусскорлиги минтақада янги сиёсий реалликни юзага чиқарди. Бу жараённинг муҳим таркибий қисми ўлароқ, минтақа давлатларининг Европа Иттифоқи билан янги муносабатлари шаклланмоқда.

Ўтган ҳафта Самарқандда бўлиб ўтган ЕИ ва МО ташқи ишлар вазирлари йиғилиши ҳамда “Барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзусидаги биринчи халқаро конференция муҳим аҳамият касб этди.

Мазкур халқаро тадбирлар натижаси ҳамда ЕИ ва МО ҳамкорлиги истиқболи ҳақида суҳбатлашиш учун Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Сайфиддин Жўраевга мурожаат қилдик.

 - Аввало, таъкидлаш керак, Европа Иттифоқи Марказий Осиёга нисбатан янги стратегияни амалга оширишга киришди. Томонларнинг ўзаро муносабати эволюцияси ҳақида гапирадиган бўлсак, минтақамиз давлатлари мустақилликка эришган дастлабки йиллардан эътиборан, ушбу минтақавий ташкилот билан алоқа ўрнатилган. Тўғрисини айтиш керак, ўтган даврда жараён бир текис кечмади. Дунёда кечаётган воқеликлар ЕИ томонидан янги стратегия қабул қилинишига олиб келди, деб ўйлайман.

Марказий Осиёдаги трансформацион жараён, минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида ўзаро ишончли алоқа ўрнатилгани барча соҳада минтақавий ҳамкорлик мустаҳакамланиб бориши, қолаверса, бу жараёнда Ўзбекистоннинг фаол ташаббускорлиги, прагматик ва толерант сиёсати ЕИ назаридан қочмаган. Шу тариқа икки минтақа ўзаро муносабатида янги давр бошланди. Замонавий мулоқот ўзаро манфаатли, келишилган қарорлар қабул қилишга имкон яратди.

ЕИ ва МО шериклиги пухта пойдеворга эга. 1999 йил Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон билан шериклик тўғрисидаги битим имзоланган.

2010 йилдан Тожикистон билан шундай алоқа йўлга қўйилди. Туркманистон билан эса 2010 йилдан савдо масаласи бўйича шартнома тузилган, 2019 йил июль ойида бу мамлакатда фаолият юритиб келган жамоатчилик билан алоқалар бюроси ЕИ тўлиқ делегациясига айланди.

2007 йил “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: янги шериклик стратегияси” концептуал ҳужжати қабул қилинди. Бу стратегия икки минтақа мамлакатлари алоқасини сезиларли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ушбу ҳужжатда икки томонлама инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлиги, демократия ва давлат бошқаруви таълими, иқтисодий тараққиёт, савдо ва инвестиция, энергетика ва транспорт, атроф муҳит муҳофазаси, умумий таҳдид ва маданиятлараро мулоқот бўйича ҳамкорлик назарда тутилган эди.

2013 йил мазкур режанинг амал қилиш муддати тугагач, 2019 йилда янги стратегия қабул қилинди ва МО хавфсизлиги масаласида Афғонистондаги вазият эътиборга олинадиган бўлди.

“Европа қўшнилиги” ва “Шарқ шериклиги” дастурлари иштирокчиларига кўра, стратегия бир қатор афзалликларга эга. Ташкилот доирасида қабул қилинган қоидаларни мувофиқлаштириш бўйича кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорликка оид битимга алоҳида урғу  берилган. Шунингдек, умумий қадриятлар, демократия ва инсон ҳуқуқи, барқарор ривожланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Янги мазмун билан бойитилган Стратегия қабул қилингач, жаҳон сиёсати ўзгарди, ЕИда янги тенденциялар вужудга келди: Европа - Россия танглиги ва бунинг таъсири натижасида ЕИга ишонч ўзгариши юз берди. Бу жараёнда ноаниқлик кучаймоқда.

Бундан ташқари глобал молиявий, иқтисодий инқироз оқибати, Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиши, шунингдек, Болқон мамлакатлари - Албания, Босния Герцеговина, Македония, Сербия ва Черногория ҳисобига кенгайиш режаси ташкилот обрўсига, молиявий ресурсига таъсир этди.

МОда ҳам геосиёсий воқелик вужудга келди. Ҳиндистон минтақа билан ҳамкорликни сезиларли оширгани, Россиянинг турли интеграция жараёнига таъсири, Туркия ва Эрон омили фаоллашиши, шунингдек, 2014 йил майда Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ташкил топиши шулар жумласидан. 

- Одатда ҳар бир томон ўзаро муносабатни ўз манфаатидан келиб чиқиб ривожлантиради. Шу маънода ЕИ ҳозир ўзига хос қийинчиликларни бошидан кечирмоқда, дейиш мумкин. Сайфиддин ака, шундай шароитда тузилманинг МО билан ҳамкорлиги истиқболи қандай бўлиши мумкин.

- Аввало, кейинги 30 йил давомида жаҳон сиёсатида Марказий Осиёнинг ўрни ва аҳамияти яққол ижобий томонга ўзгарган. Қолаверса, бизнинг минтақа Европа ва Осиёни боғловчи чизиқда жойлашган. Европа давлатларига энергия етказиб беришда минтақа улуши юқори, бу ерда 70 миллиондан кўп аҳоли яшайди. Демак, Европанинг минтақавий хавфсизликни таъминлашга кўмаклашишдан манфаатдорлиги жуда юқори.

ЕИ МО давлатлари, айниқса, Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича Афғонистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид ташаббусларини мудом эътироф этади. Ташкилот бу мамлакатда тинчликни таъминлаш тарафдори. Бундан ташқари минтақамиздаги айрим давлатларнинг ҳудудий ва глобал масалаларни ҳал этишдаги фаол иштироки умумий мақсад йўлида ЕИ билан ҳамкорлик имконияти кенгайишига хизмат қилмоқда.

- Юқоридаги омиллар ЕИ ва МОнинг геосиёсий ва геостратегик  жиҳатдан аҳамияти ошганини кўрсатмоқда. Инсон ҳуқуқини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари эркин ривожланиши каби демократик қадриятларда қарама-қаршилик йўқ, ёндашувлардаги айрим фарқлар йўқолиб бормоқда. Бу борада “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда “Барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзусидаги ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференциясида алоқаларни янада жадаллаштириш ва амалий мазмун билан бойитиш муҳимлиги эътироф этилди. Шундай эмасми?

- Минтақа давлатларининг сиёсий тизимни ўзгартиришга устувор ёндашуви барқарорликни таъминлаш ва ривожлантиришда амалдаги хукуматлар билан ишлаш бўйича янги имконият яратди. Шунингдек, минтақанинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби бошқа халқаро тузилмалар, шунингдек, турли алоҳида давлатлар сиёсий лойиҳаларига қаршилик кўрсатмаслик, Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси бўйича уйғунлашиш кузатилмоқда.

Биринчидан ЕИ республикада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ривожланиш стратегиясини изчил амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсатига юксак баҳо берилди.

Афғонистондаги гуманитар инқирознинг, давлат яккаланиб қолишининг олдини олиш зарурлиги тўғрисида Ўзбекистоннинг фикри тўла қувватланди. Мазкур сиёсат натижаси ўлароқ, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро англашув ва ишончга асосланган янги сиёсий муҳит яратилгани эътироф этилди.

Икинчидан ЕИ бундан буён ҳам минтақа давлатлари билан сиёсат, савдо, инвестиция, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. МОдаги минтақавий ҳамкорликка, қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни яқин келажакда имзолашга келишиб олинди.

- Давлат раҳбари анжуман қатнашчиларига мурожаатида қатор ташаббусларни илгари сурди. Таклифлар конференция иштирокчилари томонидан маъқулланди. Энг муҳими, кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Бу борада якуний фикрларингизни эшитмоқчи эдик.

- Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ғояларни амалга ошириш масаласи ЕИ ва МО давлатлари билан бундай шаклда муҳокама этилаётгани икки минтақа муносабатида янги давр келганини кўрсатади. Минтақалар вакиллари ўз манфаатини ҳимоя қилиб, умумий қарашларни аниқлаш ва ҳамоҳанг ишлаш бўйича дадил қадам ташлашди.

Хулоса қилиб айтганда, ЕИ ва МО давлатлари вакилларининг халқаро тадбирлардаги ҳамкорлиги, долзарб масалалар кенг ва батафсил очиқ муҳокама қилиниши ва натижадорлиги ХХI аср жаҳон сиёсатининг янги босқичида янги тенденцияларни шакллантирувчи стратегия ишлаб чиқилишига олиб келади.

Амалий жиҳатдан ЕИ ва МО давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболини кенгайтириш ва ўзаро манфаатли тизимли таҳлил олиб бориш имконини беради.

Шунингдек, кенг кўламли, стратегик аҳамиятга эга айни халқаро  анжуман Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришлар, илмий-таҳлилий омиллар энг муҳим ва устувор жиҳатлар эканидан далолат. Ўзбекистон халқаро аҳамиятга эга ташаббусларини ҳар томонлама асослаб, жаҳон ҳамжамияти олдига қўя билди, мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил этишга киришди, долзарб масалалар муҳокамасини замонавий талаб асосида ташкил  қила олди.

Қолаверса, дунё сиёсатининг янги даврдаги “янги модели” намоён бўлаётгани, ўз навбатида, Ўзбекистон бундай халқаро сиёсатнинг субъекти сифатида эътироф этилаётгани равшан.

 - Сайфиддин Аҳматович, батафсил таҳлил учун миннатдорлик билдираман, саломат бўлинг!

Суҳбатдош Аброр Ғуломов, ЎзА