Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа Иттифоқи Сурияда бўлиб ўтган Президент сайлови натижаларини тан олмайди
10:54 / 2021-05-28

Сурияда бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини Европа Иттифоқи аввалдан тан олмаслигини маълум қилган эди. Худди шундай бўлди ҳам. Евроиттифоқнинг ҳозирги сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Сурияда бўлиб ўтган Президент сайлови натижалари Иттифоқ томонидан тан олинмаслигини яна бир бор маълум қилди.

«Мазкур сайлов эркин ва адолатли ўтмади. У можарони ҳал қилишга шароит яратмайди, халқаро ҳамжамият билан Сурия режими ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига имкон бермайди, шу боис биз ушбу жараённи тан олмаймиз. Сурия режимини ҳақиқий маънода сиёсий жараённи бошлашга чақирамиз», – деди у.

Бундан аввалроқ Боррел ушбу сайловга изоҳ берар экан, у ҳақиқий демократик жараён талабларига умуман жавоб бермаслиги ҳақда баёнот берган эди.

26 май куни Сурияда бўлиб ўтган Президент сайловида амалдаги Президенти Башар Асад 95,1 фоиз овоз олиб ғолиб бўлди.

Башар Асад номзодини Суриянинг 13,5 миллион фуқароси қўллаб-қувватлаган.

Умуман, мамлакатда 18 миллион, 107 минг 109 киши овоз беришга ҳақли бўлган, бироқ сиёсий тадбирда жами 14 миллион 239 минг 140 нафар фуқаро иштирок этган.

Сурияни 2000 йилдан буён бошқариб келаётган Башар Асад яна етти йиллик муддатга мамлакат Президенти сифатида қоладиган бўлди. Аввалги сайлов 2014 йилда бўлиб ўтган эди. Ўшанда у 88 фоиз овоз олганди.