Бугун пойтахтимизда “Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) имкониятларини кенгайтириш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари, вазирлик ва идоралар, хусусий сектор ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва бошқалар “GSP+” доирасида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланаётгани ва бу юртимиз ишлаб чиқарувчилари учун катта имкониятлар яратаётганини алоҳида таъкидлади.
Эътиборлиси, шу йилнинг 22 ноябрь куни Европа Иттифоқи Преференцияларнинг бош тизими плюс (“GSP+”) амалдаги муддатини келгуси тўрт йилга, яъни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича қарор қабул қилинди. Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу хабар экспертлар томонидан эълон қилинди.
[gallery-14746]
Унда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан “GSP+” доирасида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг ҳақиқий муваффақият тарихига айланиб бораётганини кўришдан мамнун эканини билдирди.
– Бу юртингиздаги хусусий секторга катта туртки бўлиб, 448 миллион истеъмолчига эга Европа бозорларига киришни осонлаштиради. Европа ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни рағбатлантиради ва чегараларда сезиларли тежашларга олиб келади. Сиёсий нуқтайи назардан, “GSP+” БМТнинг 27 та конвенциясини амалга ошириш орқали инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, самарали бошқарув ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида халқаро стандартларга эришиш бўйича Ўзбекистоннинг стратегиясига тўлиқ мос келади. "GSP+” муддатини узайтириш хусусий сектор учун ишларини янада самарали режалаштириш имконини беради ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича содиқлигининг қўшимча белгиси ҳисобланади, – деди Шарлотта Адриан хоним.
Бугунги кунда Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг экспорт географиясини кенгайтириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, 2022 йилнинг якуний ҳолати бўйича 628 та корхона томонидан (2021-йилнинг мос даврига нисбатан 116 та ортиқ) 647 миллион доллар миқдорида маҳаллий маҳсулотлар Европа бозорларига чиқарилган. Бу 2020 йилга нисбатан (292 млн. доллар) қарийб 2 баробардан зиёддир.
Таҳлилий кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, “GSP+” доирасидаги имтиёзлар асосида тўқимачилик саноатида 177,4 миллион доллар (2021 йилга нисбатан ўсиш – 126,4 фоиз), кимё саноатида 138,3 миллион доллар (4,7 баробар), қишлоқ ххўжалиги ва озиқ овқат саноатида 19,7 миллион доллар (103 фоиз), электротехника саноатида 9 миллион доллар (117 фоиз) миқдоридаги маҳсулотлар Европа бозорига экспорт қилинган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов қайд этганидек, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори ва кейинги йиллардаги ўзаро алоқалар томонлар ўртасида ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
– Европа Иттифоқи Ўзбекистонга “GSP+” бенефициар мамлакати мақомини бериши ва ушбу имтиёзлар муддатини узайтириш бўйича қабул қилган қарори бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, давлат бошқаруви ва фуқаролик жамиятининг кучли институтларига эга демократик давлатни шакллантириш бўйича аниқ ўзгаришларнинг яққол халқаро эътирофидир. "GSP+” доирасидаги имтиёзлардан ижобий фойдаланиш билан бир қаторда биз келгусида ҳам ушбу механизм мониторинги жараёнларида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш ва тегишли халқаро конвенциялар талабларини амалга оширишда бирга ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи билан “GSP+” доирасидаги ҳамкорлигимиз мамлакатимизда бозор иқтисодиётини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларни янада кенгайтириш мақсадида Европа томони билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни янада кенгайтиришда сезиларли туртки бўлишидан манфаатдормиз, – деди ўз сўзида давомида Б.Абидов.
Тадбирда маълумот берилганидек, 2022 йилда “GSP+” туфайли ўзбекистонлик экспортчилар 28 миллион еврога тенг импорт божларини тежаб қолди. Бу Европа Иттифоқининг Ўзбекистон хусусий секторини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссасидир. 2019 ва 2022 йиллар оралиғида бу кўрсаткич ўн баравардан кўпроқ ўсди.
Шунингдек, экспертлар томонидан Европа Иттифоқи “GSP+” мониторинги Комиссиясининг бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик, зўравонликка қарши курашиш, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни яхшилаш бўйича бир қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали БМТ конвенцияларини амалга оширишда муҳим ютуқларга эришгани эътироф этилгани таъкидланди. Ўз навбатида, “GSP+” имтиёзлар тизимининг бенефициар мақоми Ўзбекистон ва Европа бизнеси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Матбуот анжуманида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Шаҳзода Қўчқорова ва “Ўзелтехсаноат” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Бектемир Муродов “GSP+” доирасида тақдим этилаётган имтиёзларнинг тўқимачилик ва электротехника саноатларидаги аҳамиятини эришилган натижалар асосида гапириб ўтди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА