Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Тери Хакала ҳамда ЕИнинг Афғонистон бўйича Махсус элчиси Томас Никлассонни қабул қилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги Афғонистон бўйича муносабатнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
- Ўзбекистон қўшни, умумий чегарага эга мамлакат сифатида Афғонистондаги муаммони ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди, - деди Тери Хакала. - Мамлакат ҳукумати ушбу жараённи ҳар томонлама фаол қўллаб-қувватлаётганини эътироф этиш керак. Айниқса, минтақавий хавфсизлик, Афғонистонга гуманитар ёрдам беришда Термиз муҳим хаб вазифасини бажаряпти.
Учрашувда эртага, 23 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари маслаҳат учрашувининг ташкилий жиҳати ва кун тартибидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғон инқирозини ҳал қилишда халқаро ҳамжамиятнинг яхлит ёндашувини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Афғонистон масаласида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон бир хил қарашга эга, - деди Томас Никлассон. - Биз бу мамлакат инсон ҳуқуқини таъминлаш масаласида олдинга силжишини, афғон фуқаролари ўз юртида хавфсиз яшашини хоҳлаймиз. Афғонистон тинч давлатга айланишидан умидвормиз.
ЕИ вакиллари Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдам етказилишини мувофиқлаштиришга қаратилган халқаро хаб ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Турли даражадаги бўлажак икки томонлама ва минтақалараро тадбирлар жадвали бўйича таклифлар кўриб чиқилди
Ғайрат ХОННАЗАРОВ,ЎзА