Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа Иттифоқи делегациясининг ташрифи давом этмоқда
12:24 / 2022-05-01

Европа Иттифоқи делегацияси ва унга аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда. Делегация аъзоларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов қабул қилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Орол денгизи экологик инқирози оқибатларини юмшатиш, яшил ўрмонзорлар ва қопламалар барпо этиш, шунингдек Ўзбекистондаги БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларга тўхталди.

Делегация раҳбари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, экологик инқироз оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди. Таъкидланганидек, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда фалокат ҳудудларини реабилитация қилишга йўналтирилган қатор ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келади. Улар орасида Ўзбекистон ҳукуматининг Оролқум чўли ва Қорақалпоғистоннинг яқин жойлашган аҳоли пунктларини минтақанинг иқлимий шароитларига мослаштирилган дарахтларни экиш йўли билан кўкаламзорлаштириш юзасидан “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари Ўзбекистонни атроф-муҳит деградациясининг олдини олиш бўйича барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. ЕИ Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондига 5 миллиондан ортиқ евро ажратди, саҳрога айланаётган ерни тиклаш бўйича хатти-ҳаракатларга кўмак сифатида шу йилнинг охиригача 27 минг туп дарахт экиш мажбуриятини зиммасига олади. Бу эса ҳудудда “яшил” инвестициялар ва эко-тизимнинг, Орол денгизи минтақасида барқарор турмушнинг яхшиланиши учун имконият яратилишига хизмат қилади.

ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Европа Иттифоқи делегацияси ва унга аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ташрифдан кўзланган мақсад, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маълумот берди. Анжуман якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

[gallery-6904]

Делегация аъзолари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида, Тахтакўпир туманида бўлиб, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА