Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ҳамда делегациянинг ҳамкорлик бўйича раҳбари Кристос Маразопулосни қабул қилди.
Мулоқотда Агентлик вa Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, истиқболлари ҳамда амалга оширилаётган қўшма ташаббус вa лойиҳалар самараси ҳақида сўз борди.

Айтиш жоизки, Европа Иттифоқи билан ўтган давр мобайнидаги самарали ҳамкорлик доирасида коррупцияга қарши миллий стратегия лойиҳасини тайёрлаш, электрон платформаларни ишлаб чиқиш, Transparency International ташкилоти билан ҳамкорликни ривожлантириш, ННТ вa ОАВлар фаоллигини қўллаб-қувватлаш, Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда соҳада илғор механизмларни жорий этиш йўналишларида муҳим натижаларга эришилди.

Мулоқотда ҳамкорликнинг сунъий интеллект вa инновацион ечимларни жорий этиш, Европа мамлакатларининг коррупцияга қарши тузилмалари билан тажриба алмашиш ҳамда Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази фаолиятини қўллаб-қувватлашда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари Ўзбекистонда коррупцияга қарши ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётганини эътироф этиб, соҳадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ҳамда Агентлик билан конструктив мулоқотни янги босқичда давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА