Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа иттифоқи билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича мулоқот
00:45 / 2019-09-28

Тошкентда 23-27 сентябрь кунлари Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича келишувларнинг учинчи давраси бўлиб ўтди.


Тошкентда 23-27 сентябрь кунлари Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича келишувларнинг учинчи давраси бўлиб ўтди.

Музокаралар натижасида учта ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тегишли соҳалар бўйича яқин муносабатларни йўлга қўйиш учун асос бўладиган ҳужжат лойиҳаси устида самарали иш олиб борилди.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари, Европа Иттифоқи номидан Европа ташқи ҳаракатлар хизматини бошқарувчи директор ўринбосари Люк Девин бошчилигидаги 15 нафар экспертдан иборат делегация иштирок этди.

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шу билан бирга, кейинги йилларда ўзаро муносабатлар мутлақо янгича мазмун касб этди. Жумладан, ўзига хос турғунлик даври ортда қолиб, жадал ва изчил ўсиш суръати намоён бўлмоқда. Айни ўзгаришлар мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар билан ҳамоҳанг экани, айниқса, муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида қатор ташрифлар амалга оширилди. Хусусан, Европа кенгаши Президенти Дональд Туск ҳамда Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил, Европа комиссияси вице-президенти Федерико Могеринининг мамлакатимизга ташрифи шулар жумласидан. Умуман, Европа Иттифоқи Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, Марказий Осиёдаги етакчи мамлакатлардан бири сифатида Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этишга устувор вазифа сифатида қарамоқда.

“Сиёсат ва хавфсизлик”, “Савдо ва у билан боғлиқ масалалар”, “Иқтисодий, секторал ва бошқа масалалар” деб номланган ишчи гуруҳлар доирасида кечган мулоқотлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада яхшилаш, сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга қаратилди. Муҳокамалар сиёсат ва хавфсизликдан тортиб, иқтисодиёт, савдо, таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, атроф-муҳит каби кўплаб соҳаларни қамраб олди.

Савдо соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутувчи ишчи гуруҳи йиғилишида мутахассислар бир қатор муҳим масалаларни келишиб олди.

– Битим лойиҳасининг савдо билан боғлиқ бандлари жуда муҳим ва катта қисмдан иборат, – дейди Европа комиссияси савдо бўйича Бош директорлигининг Марказий Осиё бўлими бошлиғи Петрос Сурмелис. – Тошкентдаги муҳокамалар жуда самарали ўтди. Ўзбекистонлик мутахассислар билан катта ҳажмдаги ишларни олиб бордик. Таққослаш учун айтишим мумкинки, Брюсселда ўтган келишувларнинг иккинчи даврасида лойиҳанинг 7 та бобини кўриб чиққан бўлсак, бу гал режадаги 13 та бобни тўлиқ муҳокамадан ўтказдик.

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича келишувлар ҳали давом этади. Навбатдаги мулоқот видеоконференция кўринишида ўтади, кейин келишувларнинг тўртинчи давраси ташкил этилади.

Ушбу битимнинг имзоланиши Ўзбекистонда бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакатимизга хорижий сармоядорларни янада кенг жалб қилишга ёрдам беради. Шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳужжат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш имкониятларини ҳам оширади.