2026 йил бошидан Европа меҳнат бозорида зиддиятли кайфият ҳукмрон.
Бир қарашда кўпчилик янги иш қидираётгандек, иккинчи томондан эса уларнинг аксарияти ўзини бу жараёнга тайёр эмас, деб ҳисоблайди. Айни ҳолат иш бозори тобора мураккаблашаётганини кўрсатади.
“LinkedIn” томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, кучли иқтисодиётга эга давлатлар аҳолисининг 47 фоизи ишини ўзгартиришни режалаштирган. Афсуски, респондентларнинг 77 фоизи, бошқача айтганда ҳар беш кишидан тўрт нафари янги иш топиш учун етарли билим ва кўникмага эга эмаслигини тан олган. Бу нафақат ходим, балки иш берувчи учун ҳам жиддий муаммо: рекрутерлар, яъни ходим танлови билан шуғулланувчи мутахассисларнинг учдан икки қисми малакали кадр топиш қийинлашганини билдирган.

Мамлакатлар кесимида қаралганда энг фаол иш қидириш кайфияти Буюк Британияда кузатилмоқда. Бу юртда сўров қатнашчиларининг ярмидан кўпи бошқа иш изламоқчи. Иш эълони сони эса ҳамон пандемиягача бўлган даражага етмаган. Демак, Қироллик меҳнат бозорида рақобат ниҳоятда кучли. Швеция ва Испанияда ҳам иш қидиришга тайёрлар улуши юқори. Бу борада энг паст кўрсаткич қайд этилган Францияда атиги 37 фоиз одам иш алмаштириш ниятини ошкор қилган. Германия ва Италия ўрта даражадан паст, Нидерландия эса ўртача кўрсаткичга тенг.
Энг хавотирли жиҳати шундаки, ишлашга тайёрман, деганлар ҳам ўзига ишонмаяпти. Масалан, Швецияда аҳолининг 83 фоизи янги ишга жойлашиш учун лаёқати етарли эмаслигини таъкидлаган.
Тадқиқот кўрсатдики, иш бозори тез ўзгараётгани беқарорликнинг асосий сабабларидан биридир. Айниқса, сунъий интеллект билан боғлиқ касбларга талаб кескин ўсмоқда. Европанинг етакчи давлатларида энг тез ривожланаётган аксар касблар сунъий идрок билан боғлиқ. Масалан, “AI муҳандиси” (сунъий интеллект тизимини ишлаб чиқувчи мутахассис) ва “AI бўлими раҳбари” энг талабгир лавозимларга айланган. Айрим ўлкаларда экология, логистика ва таълим соҳаси мутахассисларининг бозори ҳам чаққон.
Қисқаси, замонавий иш бозори энди фақат тажриба эмас, балки мослашувчанлик, рақамли саводхонлик ва янги технологияларни ўзлаштиришни ҳам тақозо қилмоқда. Кўплаб европаликлар ишини ўзгартиришни хоҳлайди, аммо бозор талаб қилаётган билим ва кўникма билан ўз салоҳияти ўртасида жиддий тафовутни сезмоқда. Бинобарин, кўҳна қитъада иш бозори “истак ва имконият” ўртасидаги номутаносиблик даврига кирган. Одамлар ўз ҳаётини яхшилаш учун ишини ўзгартирмоқчи, бироқ тез ўзгараётган иқтисодиёт ва технология таъсирида бу қадамни ташлаш тобора мураккаблашмоқда. Бу яқин йилларда қайта тайёрлаш, малака ошириш ва касбий мослашув масаласи Европа учун долзарб муаммога айланишини англатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА