Канада, Франция ва Буюк Британия Фаластин давлатини тан олиш режасини эълон қилди, АҚШ эса ҳамон Исроилни қатъий қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Бу ҳолат Ғазо келажаги бўйича Вашингтон ва унинг иттифоқчилари ўртасида кескин тафовутни юзага чиқарди.
Франция ва Саудия Арабистони бошчилигида БМТда ўтказилган конференцияда Европа давлатлари икки давлат ечимини қайта тиклашга чақирди. Канада ҳам ушбу ташаббусга қўшилди. Трамп маъмурияти учрашувни бойкот қилиб, уни “сиёсий шоу” деб атади.
Экспертлар Трамп маъмуриятининг Ғазо бўйича узоқ муддатли режаси йўқлигини таъкидлашмоқда. Президент илгари Ғазони АҚШ назоратига олиб, “Яқин Шарқ ривераси”га айлантириш режаси ҳақида гапирган бўлсада, бу ғоя халқаро босим ва араб давлатларининг кескин норозилиги ортидан бекор қилинди.
Европа мамлакатлари, хусусан Буюк Британия ва Франция Ғазодаги очарчилик ва тинч аҳолининг ўлимини қоралаб, Фаластин давлатини тан олишни тезлаштиришга мажбур бўлди.
Араб давлатлари билан бирга улар Фаластин маъмуриятини қўллаб, икки давлат ечимига қайтишни таклиф қилмоқда. Бу йиллар давомида қўлланилган сиёсатдан кескин чекиниш бўлиб, энди Европа АҚШсиз дипломатик жараённи юритишга ҳаракат қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА