Биласизки, докерлар – портларда кемаларга юк ортиш ва тушириш ишлари билан шуғулланадиган ишчилардир. Айни пайтда улар ўзлари ишлаётган портлар орқали қурол-яроғ ташишга қарши намойишлар уюштирмоқда. Исроил Ғазода амалга ошираётган ҳарбий ҳаракатларини гўёки “ўзини-ўзи мудофаа қилиш” деб атамоқда. Европа портларида эса Исроилнинг бу ҳаракатини қораловчи кескин норозилик овозлари янграмоқда. Жумладан, Италиянинг Женоа портлари докерлари намойишларга қўшилди. Улар узоқ йиллардан бери қурол экспорт қилишга қарши намойишлар қилиб келади.
Фаоллар ЕИ давлатларини Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишга ва инсон ҳуқуқлари бузилаётган ҳудудга ҳарбий ёрдам йўллашни бутунлай тугатишга чақирмоқда. Женоа портидаги докерлар ҳаракати раҳбарларидан бири Хосе Нивой сўзларига кўра, сўнгги икки йил ичида фуқаролик портлари орқали қурол-яроғ ташиш сезиларли даражада ўсган.
– Биз норозилик билдириб кўп бора юқори ташкилотларга мурожаат қилганмиз, -дейди Нивой. – Расмийлар бу ҳаракатларни давлатлараро қурол аслаҳа экспорти деб эмас, балки хусусий битим деб расмийлаштириб, жавобгарликдан қочишмоқда. Улар қурол-яроғ эмас, гўё банан савдоси билан шуғулланишаётганга ўхшайди.
Докерлар порт маъмуриятлари ва давлат органларини мавҳум юклар ҳақидаги маълумотларни қасддан яширишда айблашмоқда. Италия қонунчилигида бу борада аниқ чеклов мавжуд: 1990 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ уруш олиб бораётган давлатларга қурол етказиб бериш тақиқланади. Аммо бу қонундан ҳам турли “талқинлар” билан қочишга уринишади. Шундай йўллар билан Исроил ҳозирда Европадан ҳарбий ёрдам олмоқда.
Бундан ташқари, Исроил ўз қурол арсеналининг тахминан 70 фоизини АҚШдан импорт қилади. Қўшма Штатлар ҳозирги кунда дунёдаги энг йирик қурол етказиб берувчи давлат ҳисобланади. Германия эса Исроилни қурол билан таъминловчи иккинчи давлат бўлса, учинчи ўринда Италия туради.
БМТнинг умумий позицияси инсон ҳуқуқлари бузилаётган ва можароли ҳудудларга қурол экспортини чеклашни талаб қилади. Бироқ бу қоидалар мажбурий бўлса-да, назорат қилиш йўлга қўйилмаган. Бундан тушуниш мумкинки, бу талабни бажариш ёки бажармаслик ҳар бир давлатнинг сиёсий хоҳишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Италиялик Жоржио Беретта қурол савдоси бўйича тажрибали таҳлилчи ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, экспорт маълумотлари жуда умумий ва уларда аниқлик йўқ. – Масалан, ҳужжатда шунчаки “самолёт” деб ёзилади, аммо у йўловчи ташувчи самолётми ёки қирувчи самолётми аниқ кўрсатилмайди, бунинг жуда катта фарқи бор, -дейди у.
Хуллас, Женоа докерлари ва Европадаги бошқа порт ишчилари қурол савдосининг тўхтатилиши учун ҳаракат қилар экан, улар: “Фуқаролик портлари — инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун хизмат қилиши керак, уруш қуролларини ташиш учун эмас” дейишмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ptq4CP0K-2o" title="Yevropa dokerlari qurol yetkazib berishga qarshi chiqmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА