Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Европа чемпионлар лигаси: “МЮ” еврокубоклар билан хайрлашди, “Реал Мадрид”да 100 фоизлик натижа
11:26 / 2023-12-13

Бугун эрта тонгдан бир қатор футбол мухлислари икки хил кайфиятда уйғонганлари аниқ. Сабаби кечаги оқшомда Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 6-тур учрашувлари ўтказилди. Ушбу учрашувларда севимли клублари қайд этган натижадан айрим мухлислар ранжигани табиий ҳол.

Ҳа, ҳис қилганингиздек бугунги футбол шарҳимизнинг асосий мавзуси “кўҳна қитъа” чемпионлар лигасига қаратилади. Шунингдек, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Суперлигамиздаги кичик ўзгаришлар ҳақида ҳам хабар берамиз.  

Демак, кечаги тун “Манчестер Юнайтед” мухлислари учун қўрқинчли туш каби ўтди. Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 6-туридан ўрин олган “Манчестер Юнайтед” ва “Бавария” баҳси турнинг марказий учрашуви бўлди. Мазкур ўйиннинг 70-дақиқасида мюнхенликлар аъзоси Кингсли Коман гол уриб, жамоаси ғалабасини таъминлади.  

Ушбу натижадан сўнг очколари сонини 16 тага етказиб олган “Бавария” биринчи ўрин билан плей-офф йўлланмасига эга чиқди. 6 ўйинда бор-йўғи 4 очко тўплаган “МЮ” “А” гуруҳида сўнгги поғонани банд этиб, Европа лигаси йўлланмасидан ҳам қуруқ қолди.  

“МЮ” шунингдек, 6 тур давомида ўз дарвозасидан 15 та тўп олиб чиқди. Шу вақтга қадар ҳеч бир инглиз жамоаси бу натижани қайд этмаган.  

Давроқе, ушбу гуруҳда “Копенгаген” ўз майдонида “Галатасарой”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва 8 очко тўплаган ҳолда “А” гуруҳида 2-ўрин билан нимчорак финал йўлланмасига эга чиқди. 5 очко жамғарган “Галатасарой” эса Европа лигасида тўп тепадиган бўлди.  

“B” гуруҳида икки фаворит жамоа “ПСВ” ва “Арсенал” ўзаро 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. “Арсенал” 13 очко билан гуруҳ пешқадами сифатида, 9 очко тўплаган “ПСВ” иккинчи ўрин билан плей-оффга чиқди. Бу гуруҳда “Ланс” ўз майдонида “Севилья”ни 2:1 ҳисобида енгди ва очколари сонини 8 тага етказиб олди. Шу тариқа "Ланс" Европа лигасига йўл олди. Андалусияликлар 2 очко билан гуруҳ босқичида сўнгги поғонани банд этди. Биз учун эътиборли жиҳати, мазкур ўйинда ёш ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов захирадан майдонга тушди.  

“С” гуруҳидан ўрин олган “Унион Берлин” ва “Реал Мадрид” клублари ўртасидаги баҳс 2:3 ҳисобида якунланди. Бу ғалаба мадридликларни 18 очко тўплаган ҳолда 100 фоизлик натижа билан навбатдаги босқичга чиқишларини таъминлади. Германияликлар эса 2 очко эвазига сўнгги поғонани банд этди. Шунингдек, “Наполи” ўз майдонида “Брага”ни 2:0 ҳисобида енгди. “Наполи” сўнгги баҳсдаги ғалаба орқали гуруҳда 10 очко тўплади ҳамда 2-ўриндан жой олди. “Барага” эса 4 очко билан учинчи бўлди.  

Европа чемпионлар лигасининг “D” гуруҳида “Интер” “Реал Сосьедад” билан 0:0 ҳисобида дурангга имзо чекди. “Бенфика” эса “Зальцбург”ни 3:1 ҳисобида таслим этди. “Интер” ҳамда “Реал Сосьедад” бир хил, яъни 12 очко тўплаган ҳолда плей-офф йўлланмасига эга чиқди. “Бенфика” эса 4 очко билан Европа лигаси йўлланмасини қўлга киритди. “Зальцбург” ҳам аслида 4 очкога эга бўлиб фақатгина тўплар нисбатига кўра, учинчи ўринга чиқа олмади.  

Шу тариқа Европа чемпионлар лигасининг 2023/2024-йилги мавсуми плей-оффига ҳозирча “Наполи”, “Копенгаген”, “ПСВ”, “Манчестер Сити”, “Бавария”, “Интер”, “Реал Сосьедад”, “Реал Мадрид”, “РБ Лейпциг”, “Атлетико Мадрид”, “Барселона”, “Боруссия Дортмунд”, “Лацио” ва “Арсенал” жамоалар йўл олди.  

Бугун ушбу мусобақанинг барча гуруҳ босқичлари якунланади. Қуйида бугун ўтказиладиган ўйинлар билан танишинг:  

"E" гуруҳи: “Атлетико Мадрид” – “Лацио”, “Селтик” – “Фейенорд”  

"F" гуруҳи: “Ньюкасл” – “Милан”, “Боруссия Д” – “ПСЖ”  

"G" гуруҳи: “РБ Лейпциг” – “Янг Бойз”, “Црвена Звезда” – “Манчестер Сити”  

"Н" гуруҳи: “Антверпен” – “Барселона”, “Порту”– “Шахтер Донецк”  

Куча тунда Жидда шаҳрида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган “Ал-Иттиҳод” – “Окленд Сити” ўйини бўлиб ўтди. Унда мезбонлар 3:0 ҳисобида зафар қучди. Голларга Ромариньо, Канте ҳамда Бензема муаллифлик қилди. Энди Саудия гранди чорак финалда Мисрнинг “Ал-Аҳли” жамоасига қарши майдонга чиқади.  

Энди мамлакат Суперлигасига оид хабарларга ўтамиз. “Навбаҳор” клуби Суперлиганинг 26 ўйинида 14 ғалаба,

5 дуранг ва 7 мағлубият қайд этди. Рақиблар дарвозасига 44 та гол урди, ўз дарвозасидан эса 19 та тўп олиб чиқди ва Суперлигадаги энг яхши кўрсаткични қайд этди. “Навбаҳор” ушбу мавсумда жами 47 очко тўплаб, ўз тарихида 10-марта бронза медалини қўлга киритди.  

Дарвоқе, Суперлигада кичик ўзгариш бўлди. Лигада 2025 йилги мавсумдан бошлаб 16 та жамоа иштирок этади. Бу орқали мавсум давомидаги тур ўйинлари сони 30 тага етади. Лиганинг сўнгги тўрт мавсуми давомида Суперлига иштирокчилари сони спорт принципларига зид равишда ўзгармаслиги учун курашиб келди.  

ОФК лицензиясини қўлга киритаётган клублар сонининг ортиб бораётгани, расмий учрашувлар ўтказиш имкониятини берувчи майдонлар ва улардаги прожекторлар минимал талабларга мосланганидан келиб чиқиб, 2025 йилдан бошлаб жамоалар сонини ошириш режалаштирилди.  

Келаси йилги мавсумда эса 14 та жамоа ғолиблик учун рақобатлашади. Якунда сўнгги ўринни эгаллаган 1 та жамоа мусобақа билан хайрлашади. Унинг ўрнига Про-лиганинг дастлабки икки жамоаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Яна 1 та йўлланма эса Суперлиганинг 12-13 ҳамда Про-лиганинг 3-4-жамоалари ўртасида ўйналади. Бунда Про-лиганинг 4-жамоаси уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 12-жамоасини, Про-лиганинг 3-жамоаси эса уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 13-жамоасини қабул қилади. Ҳар икки беллашув мағлублари нейтрал майдонда Суперлиганинг 16-иштирокчиси номига ойдинлик киритади.  

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА