Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Евроосиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди
12:03 / 2021-10-21

Хитой Ижтимоий фанлар академияси, ШҲТ Хитой яхши қўшничилик, Дўстлик қўмитаси раҳбарияти ташаббуси билан виртуал шаклда Евроосиё халқаро иқтисодий форуми бўлиб ўтди.

Иштирокчилар томонидан Евроосиё мамлакатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал иқтисодий ўсишнинг улкан двигатели бўлиши кутилаётган Евроосиё минтақасининг иқтисодий барқарорлашиши ва иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.  

Хусусан, тадбирда иштирок этган «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузасида ташқи сиёсатда Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг яхшиланиши минтақада сармоявий жозибадорликнинг ошишига хизмат қилиши борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига тўхталиб ўтди.  

Сўнгги йилларда минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2017–2019 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўртача йиллик савдо айланмаси 50 фоиздан ошди ва 5,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2020 йил охирида, глобал пандемияга қарамай, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги умумий савдо ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди. Марказий Осиё давлатларининг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 2019 йилдаги 12,4 фоиздан 2020 йилда 13,6 фоизгача ошди.  

Умуман, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг яхшиланиши минтақанинг сармоявий жозибадорлигини оширишга ёрдам берди. Қолаверса, Ўзбекистон ҳозирда минтақавий ҳамда бутун дунё билан иқтисодий интеграциянинг фаол сиёсатини олиб бормоқда. Хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш ва Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими (КШҲБ) бўйича музокаралар ва Хитойнинг «Бир макон ва бир йўл» ташаббуслари шулар жумласидандир.  

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР раиси Си Цзинпин томонидан мустаҳкамланган стратегик шериклик алоқалари икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бу жараёнлар минтақа ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш учун кенг истиқболларни очиб беришга хизмат қилувчи «Бир макон ва бир йўл» ташаббусида ҳам яққол намоён бўлмоқда.  

«Тараққиёт стратегияси» маркази ахборот хизматининг хабар беришича, ўтган уч йил давомида Хитой Ўзбекистон билан ташқи савдо бўйича шерикликда 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Хусусан, икки мамлакат ўртасида товар айланмаси 2017 йилга нисбатан 1,6 баробар ошган бўлса, Хитой 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон учун энг йирик экспорт бозорига айланди. Жорий йилнинг биринчи ярмида давлат ва минтақавий инвестиция дастурлари доирасида ишлатилган Хитой сармоялари ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўпдир.  

Файзулло Яҳёев,  

ЎзА