Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Евроосиё иқтисодий форумида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда
14:11 / 2022-05-25

Евроосиё иқтисодий комиссиясининг таклифига кўра, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси “Евроосиё иқтисодий форуми – 2022” Халқаро форумида иштирок этмоқда.

Форум 25-26 май кунлари Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган. Бугун Борис Ельцин номидаги Қирғиз-Россия Славян университетида форум доирасидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов бошчилигидаги делегация форум доирасида эртага “Инсонлар ва бизнес манфаатлари учун техник тартибга солиш” мавзусида гибрид форматда ўтказиладиган муҳокамаларда қатнашади.  

Маълумот учун, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2018 йилдан буён Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзосидир. 

Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши (ВEЭС) йиғилиши арафасида бўлиб ўтаётган Биринчи Евроосиё иқтисодий форумининг ялпи мажлисида ЕОИИ (ЕАЭС) аъзо ва кузатувчи давлатлар – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон ва Куба давлатлари раҳбарлари иштирок этади.  

Евроосиё иқтисодий форуми 2016 йилдан буён ЕОИИ мамлакатларида ўтказиб келинаётган “Евроосиё ҳафталиги” негизида ташкил этилган. 2019 йилда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши “Евроосиё ҳафталиги”ни Евроосиё иқтисодий форуми тарзида қайта ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Мазкур форум ЕОИИ ва кузатувчи давлатларнинг йирик, ўрта ва кичик бизнеси вакиллари, давлат ва нодавлат идораларини ўзида жамлайди.   

Унинг асосий мақсади – ЕОИИ давлатлари иқтисодий интеграциясини тезлаштириш, мавжуд тўсиқларга барҳам бериш ва иқтисодиёт секторлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришдир. Форумга узоқ ва яқин хориж мамлакатларидан 600 дан зиёд иштирокчи таклиф этилган. 

Евроосиё иқтисодий форумида иштирок этиш ЕОИИ кун тартибидаги асосий масалалардан хабардор бўлиш, яқин истиқболда ЕОИИга аъзо давлатлар қонунчилигида қандай йўналишлар устувор бўлишини прогнозлаш, Евроосиё иқтисодий форумида иштирок этаётган компаниялар билан бизнес ҳамкорлик ўрнатиш каби қатор имкониятларни тақдим қилади. 

Мафтуна Каримова, ЎзА