Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Евроосиё фармацевтика саммити доирасида биосимилярларни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар бозорига тарқатишни таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу мавзуга бағишлаб ўтказилган панель муҳокамасида STADA компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори, “Ўзбекистон ва Қирғизистон” кластери раҳбари Бахтиёр Ҳожимуҳаммадов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Яқин йилларда мураккаб онкологик ва эндокрин касалликларни даволашда қўлланиладиган кўплаб биотехнологик дори воситаларининг патенти тугайди. Бу эса, бозорда уларнинг кўп сонли муқобили – дженериклар ва биосимилярларнинг пайдо бўлишига йўл очади. Биосимилярлар – бу биринчи марта ишлаб чиқарилган ва ҳақиқий препаратнинг патент муддати тугаганидан сўнг рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган асл дори воситасига ўхшаш биотехнологик дори воситаларидир.
Биосимилярлар Европада анчадан бери машҳур ҳисобланади. Масалан, аҳолиси 5,5 миллион кишини ташкил этадиган Словакияда ушбу воситалар бозори 1,8 миллиард еврони ташкил этса, 6,5 миллион кишилик Болгарияда 2 миллиард евродан ошади.
Экспертнинг фикрича, Ўзбекистон ва Қирғизистонда биомаҳсулотлар, хусусан биосимилярлар бозори анча орқада. Ишлаб чиқарувчилар бунинг бир неча асосий омилини кўрсатади: бозор ҳажми, соғлиқни сақлаш тизимининг тайёрлиги, патент ҳимоясининг амал қилиш муддати тугаши каби тартибга солиш тизимининг мослашувчанлиги ва юридик жиҳатлар.
Спикернинг фикрича, биосимилярлар соғлиқни сақлаш бюджети чекланган мамлакатлар учун иқтисодий жиҳатдан анча фойдалидир. Аҳоли сони 37 миллион кишига эга ва ўртача умр кўриш тахминан 74 ёш бўлган Ўзбекистонда биопрепаратларга талабнинг ошиши кутилмоқда. Касалликлар сони ортиб бориши билан уларни даволашга бўлган талаб ҳам ошади, бу эса арзон ва сифатли биосимилярларнинг аҳамиятини кучайтиради.
STADA компанияси бу йўналишда фаол ривожланмоқда – яқинда Ўзбекистонда биринчи биосимиляр учун рўйхатдан ўтиш гувоҳномаси олинди. Бироқ, рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олгунга қадар ишлаб чиқарилган маҳсулотни олиб кириш билан боғлиқ тартибга солувчи янгиликлар бор. Шу сабабли учрашувда биосимлярларнинг Европа мамлакатлари бозорига тез ва сифатли олиб кирилишини таъминлаб берган тартибга солиш тадбирларини соддалаштириш бўйича мисоллар келтирилди.
Бахтиёр Ҳожимуҳаммадов ўз чиқиши сўнггида беморларнинг бу зарур дори воситаларидан фойдаланишини таъминлашда соҳа мутахассислари, ишлаб чиқарувчилари ва уни тартибга солувчиларни фаол ҳамкорлик қилишга чақирди. STADA компанияси тиббиёт ходимларининг малакаси ва биомаҳсулотлардан фойдаланиш бўйича тайёргарлигини ошириш мақсадида таълим дастурларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Маърузачи олиб борилаётган фаол музокара ва мулоқотлар мавжуд тўсиқларни енгиб, биосимилярларни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар бозорига тарқатиш учун янги имкониятлар очишига умид билдирди.
Алпомиш Машрабхонов,
ЎзА