Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Евроиттифоқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ислоҳ қилиш лойиҳасини тайёрлади
18:40 / 2020-10-30

Ушбу таклифларни илгари суришдан мақсад аъзо мамлакатлар ҳамкорлиги механизмининг шаффофлигини оширишдан иборат.


Европа иттифоқи (ЕИ) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тўпламини тайёрлади. Ушбу таклифларни илгари суришдан мақсад аъзо мамлакатлар ҳамкорлиги механизмининг шаффофлигини оширишдан иборат.

Reuters агентлигининг лойиҳа ҳужжатига таяниб ёзишича, ҳужжат матни Германия ҳукумати томонидан ЕИ аъзолари билан маслаҳатлашуви натижасида 19 октябрда тайёр бўлган.

Мазкур ҳужжат шунингдек, пандемия бошланган даврда Хитойнинг ЖССТ га берган маълумотлари етарлича шаффоф бўлмагани ортидан тайёрлангани ҳам айтилмоқда. Унда бир неча ойга мўлжалланган «ЖССТ фаолиятидаги молиялаштирув, бошқарув ва ҳуқуқий ваколати билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш режаси» кўрсатилган.

Чора-тадбирлар тўплами аъзо мамлакатларнинг Халқаро тиббий-санитар тартибларига амал қилишини кузатиб бориш механизмлари шаффофлигини оширишни назарда тутади. Ушбу чоралар соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар юзага келганда аъзо давлатлар ўзаро маълумотлар алмашишни тезкор тартибда таъминлаши лозим.

Ҳужжатда таъкидланадики, ЕИ айрим камчиликларига қарамай соғлиқни сақлаш соҳасида рўй берадиган инқирозларга қарши курашда ЖССТнинг ҳал қилувчи аҳамиятини тан олади. Ҳужжатда тилга олинган муаммолар ичида ташкилотни барқарор молиялаштириш ҳамда бошқа фаолиятлари етарлича шаффоф эмаслиги айтилган.

Германия ҳукумати ҳужжутнинг якуний варианти ҳали тайёр эмаслигини сабаб қилиб, унинг бандларига изоҳ бермаган. Хабарда мазкур ҳужжатга ЖССТ ҳам изоҳ бермагани айтилади.