Германия яшил майдонларида ўтаётган футбол бўйича Европа чемпионатининг "A" гуруҳидаги биринчи турнинг иккинчи ўйинида Венгрия ва Швейцария терма жамоалари ўзаро рақобатлашди. Унда Швейцария рақибидан 1:3 ҳисобида устун келди ва муҳим 3 очкони қўлга киритди.
Мазкур баҳсдан сўнг «А» гуруҳидан жой олган Германия ва Швейцария 3 очко жамғарган ҳолда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллади. Илк турда мағлуб бўлган Венгрия ҳамда Шотландия термалари 3-4 поғонадан ўрин олди.

"B" гуруҳида Испания 3:0 ҳисобида Хорватияни мағлубиятга учратди. Ўйинда Мората, Руис ва Карвахаль ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди. Шунингдек, хорватиялик Петкович пенальтидан фойдалана олмади.
Италия эса Албанияга қарши ўтказилган ўйинда 2:1 ҳисоби қайд этилди. Гарчи Албания терма жамоаси вакили Байрами учрашувнинг биринчи дақиқасида ҳисобни очган бўлсада, Бастони ҳамда Барелла гол уриб, жамоасининг ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди.

Бу ўйиндаги илк гол 22-секунда урилгани боис Европа чемпионати тарихида урилган энг тезкор гол сифатида тарихдан ўрин олди. Бундан олдинги рекорд Дмитрий Кириченкога тегишли эди (67 секунд).
Шу тариқа, "B" гуруҳида Испания ва Италия муҳим ғалабадан сўнг пешқадамга айланди. Албания ва Хорватия эса улар ортидан бормоқда.
Бугун, 16 июнь куни Европа чемпионатида «D» ва «C» гуруҳларида биринчи тур учрашувлари давом эттирилади.
«D»: Польша – Нидерландия (18:00)
«C»: Словения – Дания (21:00)
«С»: Сербия – Англия (00:00)
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА