Германия яшил майдонларида ўтаётган футбол бўйича Европа чемпионатида иккинчи тур ўйинлари якунланди.
«A» гуруҳида Германия иккинчи турда ҳам ғалаба қозонган ҳолда гуруҳда яққол пешқадам бўлиб олди ва плей-офф йўлланмасини ушбу турда ҳал қилишни уддалади. Швейцария эса Шотландия билан дуранг қайд этган ҳолда 4 очко билан иккинчи поғонани мустаҳкамлади ва деярли навбатдаги босқичга йўл олди. Афсуски, Венгрия иккинчи ўйинида ҳам очко ололмади ва катта эҳтимол билан мусобақани тарк этди.

Маълумот ўрнида: бугун, 23 июнь куни айнан мазкур гуруҳда 3-тур учрашувлари бошланади. Унда Германия – Швейцария, Венгрия Шотландия терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Учрашувлар Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.

«B» гуруҳида Испания иккинчи турда Италия терма жамоасини енгиб, 6 очко жамғарди ва кейинги босқичга чиқди. Италия эса 3 очко билан иккинчи ўриндан жой олди. Албания ва Хорватия ўзаро дуранг ўйнаган ҳолда 1 очкодан бўлишиб олди ҳамда 3-4 поғоналарни эгаллади.

24 июнь куни бу гуруҳда Албания – Испания ва Хорватия – Италия термалари ўртасида плей-офф йўлланмаси учун кураш бўлиб ўтади. Бу жуфтликлар ўртасида фақатгина Испания учун ҳар қандай натижа муҳим аҳамият касб этмайди. Қолган терма жамоалар эса гуруҳдан чиқиш имкониятига эга.

«C» гуруҳида якунланган турда Англия ва Дания, Сербия ҳамда Словения терма жамоалари бир хил 1:1 ҳисобда дуранг қайд этди. Бунинг натижасида Англия 4 очко билан гуруҳ карвонбошисига айланди. Дания ва Словения термалари эса 2 очко билан кейинги ўринлардан жой олган бўлса, Сербия 1 очкони қўлга киритиб, сўнгги ўринда қолди.

Бу гуруҳда ҳам вазият бироз чигал. Ҳаттоки, сўнгги ўринда бораётган Сербияда ҳам плей-оффга чиқиш имконияти мавжуд. Фақатгина бироз Англия термасида имкониятлар юқорироқ. 25 июнь куни учинчи тур доирасида Англия – Словения, Дания – Сербия терма жамоалари ўзаро тўқнашади.
Европа чемпионатининг «D» гуруҳида Нидерландия ва Франция терма жамоалари иккинчи турда нурсиз дурангга имзо чекди ва очколарини 4 тага етказиб олди. Польша эса 1:3 ҳисобида Австрияга мағлуб бўлди. Шу тариқа Австрия 3 очко билан 3-ўринни эгаллади. Польша эса очкосиз ҳолда мусобақа билан хайрлашди.

Мазкур гуруҳнинг учинчи тур учрашувларида Нидерландия – Австрия, Франция – Польша баҳсига гувоҳ бўламиз. Эътиборли жиҳати шундаки, Польшадан ташқари учта терма жамоанинг 1/8 финал босқичига чиқиш имконияти деярли бир хил.
«Евро-2024»нинг «E» гуруҳида қизиқ ҳолат рўй берди. Иккинчи турда Бельгия кутилмаганда Руминияни 2:0 ҳисобида енгган бўлса, Украина терма жамоаси 2:1 ҳисобида Словакияни таслим этди. Бунинг натижасида тўртала жамоа ҳисобида бир хил 3 очко мавжуд бўлди. Фақатгина голлар нисбатига кўра Руминия ва Бельгия дастлабки ўринга жойлашган бўлса, Словакия ҳамда Украина 3-4-поғоналарни забт этди.
Шу тариқа, бу гуруҳда нимчорак масаласи 3-турда ҳал бўладиган бўлди. Унда Словакия – Бельгия, Украина – Руминия термалари навбатдаги босқич йўлланмаси учун куч синашади.
Мусобақанинг сўнгги «F» гуруҳида Португалия – Туркияни 3:0 ҳисобида енгган бўлса, Грузия ва Чехия баҳси 1:1 ҳисобида дуранг билан ўз якунига етди. Натижада Португалия 6 очко билан биринчи ўринда қолди ва 1/8 финалга бир тур аввал чиқди. Туркия 3 очко билан иккинчи поғонада бораётган бўлса, Чехия ва Грузия 1 очко жамғарган ҳолда қуйи ўринларга жойлашди.
Энди, 26 июнь куни Португалия – Грузия, Туркия – Чехия терма жамоалари гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинларини ўтказади. Худди, «B» гуруҳидаги вазият каби, Португалиядан ташқари қолган учта давлат термаси плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб боради.
Шунингдек, иккинчи тур якунларига кўра, «D» гуруҳида Австрия, «E» гуруҳида Словакия, «C» гуруҳида Словения «B» гуруҳида Албания терма жамоалари энг яхши учинчи ўрин соҳиблари сифатида нимчорак финал босқичига чиқиш имкониятини сақлаб турибди. Аммо бу рўйхат учинчи тур баҳслари якунидан сўнг ўзгариши табиийдир. Шу ўринда, учинчи турдаги натижаларга қараб юқоридаги термалар қаторидан «F» гуруҳидан Чехия, «A» гуруҳидан эса Шотландия ўрин олиши ҳам мумкин.
Дарвоқе, 3-тур учрашувлари Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА