"Евро-2024" мусобақасининг гуруҳ босқичи иккинчи турида мезбон Германия терма жамоаси Венгрия термасини 2:0 ҳисобида таслим этди. Ўйиндаги икки голга Муcиала ва Гюндоган муаллифлик қилди.
Шу тариқа, Германия "A" гуруҳи пешқадами сифатида 6 очко жамғарган ҳолда плей-оффга йўл олган илк жамоага айланди. Энди чемпионат мезбонлари 3-турда Швейцарияга қарши майдонга тушади. Ушбу ўйинда мағлуб бўлмаса, гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичда "C" гуруҳидаги иккинчи ўрин соҳиби билан рақобатлашади.

Дарвоқе, Германия терма жамоаси дарвозабони Мануэл Нойер кечаги ўйиндан сўнг Жанлуижи Буффоннинг рекордини такрорлади. Аниқроғи, Нойер учун мазкур ўйин Германия сафида Европа чемпионатидаги 17-учрашув бўлди.

Ана шундай рекордларни ўрнатган футболчилар орасида Криштиану Роналдуга тенг келадигани йўқ. Ҳозирда у 26 маротаба ушбу турнирда Португалия терма жамоаси сафида майдонга тушган. Унинг ортидан эса Пепе (20), Жоау Моутиню (19), Леонардо Бонуччи (18) ва Бастиан Швайнштайгер (18) бормоқда. Роналду бу йилги мусобақада ушбу натижани янада ошириш имконига эга ва унинг ҳар бир ўйини мазкур рекордни янгилайверади.

Европа чемпионатининг "A" гуруҳи иккинчи жуфтлигида Шотландия – Швейцария термалари ўзаро рақобатлашди ва 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Ушбу натижадан сўнг Швейцария очколарини 4 тага етказиб, иккинчи поғонани мустаҳкамлади. Шотландия эса 1 очко билан 3-ўриндан жой олди. Венгрия эса бирорта очкосиз 4-ўринда бормоқда ва мусобақанинг навбатдаги босқичидан умидини узди.
"B" гуруҳидан ўрин олган Албания ва Хорватия жамоалари тўқнашуви ҳам 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Жамоалар гуруҳда 1 тадан очко тўплаб, 3-4 ўриндан жой олди.

Бугун, 20 июнь кунидан 21 июнь кунига ўтар кечаси (соат 00:00) мазкур гуруҳ пешқадамлари Испания ва Италия термалари ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Бу учрашув куннинг марказий ўйини сифатида эътироф этилмоқда.
Шунингдек, чемпионатнинг «D» гуруҳида Словения – Сербия, Дания – Англия терма жамоалари иккинчи тур доирасида ўзаро куч синашади.
Бу гуруҳдаги вазият ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Англия ҳисобида илк турдан сўнг 3 очко мавжуд. Бугунги учрашувда ғалаба қозонса, плей-офф йўлланмаси нақд бўлади. Дания ва Словения ҳисобида эса 1 тадан очко бўлса, Сербияда очко йўқ. Шу сабабли, Сербия, Дания ва Словения терма жамоалари фақат ғалаба учун майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА