Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Евро-2021: Футбол ватани вакиллари илк бор финалда тўп суришади
18:40 / 2021-07-08

Бутун дунё футбол мухлисларининг диққат марказида бўлган, бир йилдан буён пандемия туфайли эшиклари ёпилган стадионларнинг эшикларини очиб берган Европа чемпионати ҳал қилувчи паллага етиб келди. Яна икки кундан кейин мусобақанинг финал баҳсида Англия ва Италия терма жамоалари ўзаро баҳс юритишади.

Бир кун олдин италияликлар испанларни пенальтилар эвазига 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўлланма олганди. Бугун тунда эса иккинчи ярим финалчилар - Англия ва Дания термалари ўзаро куч синашишди. Учрашувнинг асосий вақтида данияликлар икки бор дарвозани ишғол этишди – Миккель Дамсгор рақибларнинг, Симон Кьер эса ўз дарвозасини нишонга олди. 

Қўшиб берилган икки ўн беш дақиқалик ўйиннинг сўнгги дақиқаларига яна бир дақиқа қўшиб берилди. Инглизлар айнан шу фурсатлардан фойдаланиб, ўзлари учун тарихий ҳисобланган голларини киритишди. Харри Кейн муаллифлик қилган голдан кейин ўйин тугади ва Англия терма жамоаси Европа чемпионатларида илк бор финалга йўлланма олди.

Қизиқ, дунё футболи ватани вакиллари 60 йилдан бери ўтказилаётган, бу йил 16-мавсумини «яшаётган» Европа чемпионатида ўн марта иштирок этишига қарамай ҳали бирон марта ҳам ҳал қилувчи ўйинда қатнашмаган. Энг юқори натижаси икки бор ярим финал учрашувлари бўлган (1968 ва 1996 йиллар).

Англиядан фарқли ўлароқ Италия мусобақада бир маротаба чемпионликни нишонлаган (1968). Ва айнан Англия каби италияликлар ҳам турнирда ўнинчи маротаба қатнашишмоқда.

Шу тариқа, Гарет Саутгейт бошчилигидаги Англия терма жамоаси финалда Италия терма жамоасига қарши бош соврин учун майдонга тушади. Ҳал қилувчи ўйин 11 июлда, Лондондаги «Уэмбли» стадионида ўтказилади.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА