Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Euronews» телеканали директори: «БАА билан ахборот алмашишдан барча давлатлар манфаатдор»
21:28 / 2022-11-15

Аввал хабар берганимиздек, БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида Миллий кўргазмалар компанияси (ADNEC) томонидан Амирликлар ахборот агентлиги (WАМ) билан ҳамкорликда «Жаҳон Медиа конгресси» бўлиб ўтмоқда.

Анжуман доирасида медиа соҳасидаги муваффақиятли бошқаруви ҳамда самарали фаолияти билан ном қозонган таниқли шахслар билан интервьюлар ташкил этилди.

Жумладан, «Euronews» ҳамда «Africanews» телеканали Бош директори Майкл Питерс «Келажакда ОАВга инвестиция киритиш: муаммо ва ечимлар» мавзусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бугун жаҳоннинг қай бир нуқтасида бўлишингиздан қатъий назар, барча оммавий ахборот воситаларида, ҳаттоки, пуллик контентларда ҳам сохта янгиликларга кўзингиз тушиши мумкин. Медиадаги ўйинчилар ҳеч қачон тўғри ва ҳаққоний ахборот узатиш позициясига кела олмайди. Бу жуда қийин», — деди у ўз сўзини бошларкан.

«ОАВнинг қайси соҳаси бўлишидан қатъий назар сифатсиз ахборот тарқатаётган медиа ўз ўрнини тезда бошқа бир ўйинчига бўшатиб беришга мажбур. Энди сохта янгиликлар билан медиани эгаллаб бўлмайди. Одамлар сизни хонавайрон қилишади», — деди Питерс.

Унинг қўшимча қилишича, ОАВлар ахборот узатишда янги аср кишилари билан ҳисоблашишлари керак. «Биз энг ривожланган, коммуникация қилиш жуда осон бўлган рақамли дунёда яшаяпмиз. Шунинг учун ҳам энди ишончли ахборотнинг қиймати ошди», — дея таъкидлади у.

Питерснинг қайд этишича, бугун БАА билан ахборот алмашишдан барча давлатлар манфаатдор. «Euronews»нинг 5-6 йил олдинги мақсадларида мутлақо Яқин Шарққа ахборот узатиш бўлмаган. Бугун эса биз ушбу медиабозорда жиддий кураш олиб боряпмиз, чунки БАА сифатли ахборот бозорини шакллантириш учун қулай мамлакат. Дубай эса дунёнинг туризм маркази. Бу ер минтақа учун оина», — дея сўзини якунлади Майкл Питерс.

Эслатиб ўтамиз, «Жаҳон Медиа конгресси» 15-17 ноябрь кунлари БАА пойтахтида бўлиб ўтмоқда. Унга 150 дан зиёд ОАВ ҳамда медиа компаниялар, бир қатор медиаэкспертлар таклиф этилган. Шунингдек, конгресс доирасида ёш журналистлар учун медиатренинглар, семинарлар ўтказилиши белгиланган.

Шоҳрух НЎЪМОНОВ, Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (фото), ЎзА 

Абу-Даби шаҳри