Сирдарё вилояти Ховос туманининг Еттигузар маҳалласи аҳолисининг кўп йиллик муаммосига ечим топилди.
Маҳалла аҳолиси бир неча вақт аввал Коинот кўчасидаги электр энергияси билан боғлиқ муаммо юзасидан Президент Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди.
Мурожаат асосида туман электр таъминоти ходимлари томонидан муаммо ўрганилди. Аниқланишича, электр энергиясининг кучланиши меъёрга жавоб бермаганлиги туфайли аҳолига кўплаб ноқулайликлар келиб чиқаётганди.
Муаммони ҳал этиш мақсадида электр энергиясини меъёрда таъминлайдиган 100 кВтли янги трансформатор пункти ўрнатилди.
–Электр энергияси билан боғлиқ муаммо, айниқса, Бекободдан эсадиган қаттиқ шамол ва ёғингарчилик кунлари жуда аниқ билинарди. Қисқа узилишлар жонимизга текканди. Халқ қабулхонасининг ёрдами билан унга амалий ечим топилди. Бундан бутун аҳолимиз беҳад хурсанд", – дейди Еттигузар маҳалласи вакили Неъмат Халилов.
Бугун маҳаллада кўчалар ёғингарчилик, шамол эсган кунларда ҳам чароғон бўлиб турибди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири