Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг 2024 йил олти ойи давомида амалга оширган ишлари юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан маълумотлар берилди.
Хусусан, пойтахтимизда мансабдорлик ва коррупция жиноятларига қарши курашиш борасида олиб борилаётган назорат тадбирлари ҳақидаги ҳисоботлар тингланди.

Қайд этилишича, пойтахт прокуратураси органларида жорий йил 7 ойи мобайнида 217 нафар мансабдор шахс ва фуқаролар томонидан коррупциявий жиноятлар содир этилгани юзасидан 185 та жиноят иши тергов қилинган.
Улар асосан, ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлар, олий, халқ таълими ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, молия, солиқ, энергетика, банк, ҳокимлик ходимлари, кадастр хизмати ва экология идораларининг масъул ҳамда мансабдор шахслари ҳиссасига тўғри келган.

Коррупция ҳолатларини фош этиш ва айбдор шахсларга жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 81 та тезкор тадбирлар ўтказилиб, барчаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари тергови доирасида 93 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида шаҳар прокуратураси органлари томонидан тизимли ишлар олиб борилиб, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилаётгани қайд этилди.
Тадбир сўнгида соҳадаги камчиликлар айтиб ўтилди ва уларни бартараф этиш тўғрисида топшириқлар берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА