Тошкент Фотосуратлар уйида рассом ва саҳна безакчиси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Аҳмаджон Ўриновнинг “Етти макон” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
А.Ўринов 1955 йил Тошкент вилоятининг Бекобод туманида туғилган. У Тошкент театр ва рассомлик институтида таҳсил олган. Ушбу кўргазма уста таваллудининг 70 йиллигига бағишланган бўлиб, унда 60 га яқин энг сара асарлар намойиш этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Аҳмаджон Ўринов ижоди бу, шунчаки рангтасвир эмас, балки ички руҳий қарашдан туғилган тафаккур тажрибаси. Унинг асарлари ҳаракат, хотира ва аниқ тасвирий қувват билан тўйинган. Рассом ижодининг марказида қиёфалар, афсона, меъморий обидалар ишора сифатида туради, ранг эса сайқалдир.
[gallery-23656]
Унинг ишлари ўтмиш ва бугунни бирлаштиради. Жумладан, карвонлар ва гумбазлар, қадимий жангчилар ва аёллар образлари, нақшу нигорлар қисмлари ва ёруғлик чақнашлари хотира ёки туш кечинмалари сингари чизгилар матосида тизилади. Ўринов образларни яратмайди, балки уларни илҳом турткиси орқали ичкаридан туғилишига имкон беради.
У образлиликни ифода билан, безакдорликни ички таранглик билан уйғунлаштиради. Ранг унинг асарларида етакчи ва шакл яратувчи роль ўйнайди.
Рассомнинг сценографик тажрибаси унинг бадиий тафаккурига катта таъсир кўрсатди: композициялар ҳар бир детал ритм, ёруғлик, ҳаракат билан боғлиқ бўлган саҳналар сифатида қурилган. Аммо барча унсурлар биргина самара учун эмас, балки композицион яхлитликни вужудга келтириш учун ишлайди.
Ижодкор асарларида шунчаки чизиқли ҳикояга урғу берилмайди. Томошабин уларни қанчалик диққат билан кузатса, шунчалик фикрлар уммонига ғарқ бўлиб боради. Муҳими, нима тасвирланганида эмас, балки ҳис қилинганида.
Ижодкорнинг асарлари идрокнинг бошқа ҳолатига эшик очади. “Етти макон” кўргазмаси Шарқ анъаналари замонавийлик ифодаси билан уйғунлашган дунёга таклифдир. Бу қатламларнинг кесишишидан Аҳмаджон Ўриновнинг жонли, драматик, мослашувчан ва поэтик сингари муаллифлик бадиий тили туғилади.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА