Юртимизда меҳмон бўлиб турган Европа тикланиш ва тараққиёт банки биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 2023 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган йиллик анжуманига ҳозирлик кўришдан иборат.
Шу муносабат билан делегация аъзолари ташрифни мазкур анжуман ўтказиладиган Самарқанд халқаро туристик маркази билан танишишдан бошлади. Шунингдек меҳмонлар Европа тикланиш ва тараққиёт банки мижози бўлган Самарқанд туманидаги “Агромир” корхонаси фаолияти билан танишди. Маълумки, мазкур корхона ЕТТБнинг 10 миллион долларлик кредити ҳисобидан ишлаб чиқариш жараёнини кенгайтирди.
Делегация аъзолари куннинг иккинчи ярмида Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Э. Турдимов билан мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболдаги лойиҳалар бўйича фикр алмашилди.
[gallery-8954]
Э.Турдимов Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг нуфузли анжуманини қабул қилишдан мамнун эканлигини қайд этди. Банк билан амалдаги ҳамкорлик бўйича шаҳар жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида бошланган электробуслар етказиб бериш бўйича лойиҳани имкон қадар тезлаштириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, банк билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар истиқболига тўхталиб, бевосита ЕТТБ билан маҳаллий йирик тадбиркорлик субъектларининг ҳамкорлиги самарали бўлишини таъкидлади. “Агромир” корхонаси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик бошқа компанияларнинг ҳам фаолияти ривожида муҳим роль ўйнаши қайд этилди. Бундан ташқари, Самарқанд бугунги кунда улкан бунёдкорлик майдонига айланганлиги, ушбу жараёнда шаҳарнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасида қатор лойиҳалар мавжудлигини таъкидлаб, мазкур лойиҳаларни амалга оширишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Юрген Ригтеринк самимий мулоқот учун миннатдорлик билдирган ҳолда Самарқанд вилояти билан ҳамкорлик алоқаларидан банк маъмурияти мамнун эканлигини қайд этди. Бевосита банкнинг йиллик анжуманини Самарқандда ўтказиш бўйича дастлабки ташриф давомидаги таассуротлари билан бугунгисининг ўртасида осмон билан ерча фарқ борлигини таъкидлади. Айниқса, анжуман ўтказилиши белгиланган Самарқанд халқаро туристик марказининг кўркамлигидан ҳайратини яширмади.
– Мен илк ташриф давомида қурилаётган Самарқанд халқаро туристик марказининг бугунги ҳолатда бўлишини тасаввур ҳам қилмаган эдим, – деди Юрген Ригтеринк. – Кўриб гувоҳи бўлган янги марказда бизнинг йиллик анжуманимиз муваффақиятли ўтишига ишонаман. Бизнинг анжуманимиз ШҲТ саммитидек улкан бўлмаса-да, халқаро аҳамият касб этади. Чунки, мижозларимиз орасида дунёнинг йирик компаниялари, ишбилармонлари бор. Шу боис, тайёргарлик жараёнини ҳозирдан бошладик. Бизнинг ишчи гуруҳимиз Самарқандда ўз ишини бошлади. Ташкилий масалаларга банк бош котиби Казухико Когучи бошчилик қилади. Ўйлайманки, анжуманимиз Самарқандда ижобий самаралари билан эсда қоларли ўтади.
Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларни тезлаштириш, келгусидаги истиқболли лойиҳалар бўйича батафсил фикр алмашилди, зарур йўналишлар белгилаб олинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА