Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Харгитай ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос билан учрашди.
Мулоқот давомида банк вакиллари томонидан Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ўзгариш самарадорлиги юқори баҳоланди. Энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, ирригация ва бошқа соҳалардаги модернизация жараёнини молиявий-техник қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишилди.
Қайд этиш жоиз, ЕТТБ мамлакатимизда уй-жой коммунал хўжалиги, энергетика ва сув таъминотини яхшилашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Мазкур нуфузли молиявий тузилма 2018 йилдан бошлаб ҳозиргача Ўзбекистон билан 14 лойиҳа бўйича битим имзолаган. Бундан ташқари банкнинг янги инвестиция портфели қиймати 724 миллион доллардан ошадиган 7 лойиҳадан иборат.
Навбатдаги учрашувда банк томонидан "Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 118 та насос станцияларини модернизация қилиш" лойиҳасини молиялаштириш, Ўзбекистоннинг ирригация сектори институционал тузилишини мустаҳкамлашга қаратилган 200 миллион долларлик кўмак ажратишга қизиқиш билдирилди. Ғояларни биргаликда амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.
Учрашув якунида томонлар жорий лойиҳаларни сифатли амалга ошириш ва стратегик шерикликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлигини маъқуллашди.
ЎзА