Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕТТБ кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кўмаклашади
16:58 / 2019-10-31

Андижонда Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг офиси очилди.


Андижонда Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг офиси очилди.

Андижон шаҳридаги “Ҳамкор” бизнес марказида жойлашган банк янги офисининг очилишига бағишланган тадбирда Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки, унинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбарлари, мутахассислари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ЕТТБ томонидан умумий қиймати 1,3 миллиард евро миқдоридаги 70 та лойиҳа молиялаштирилган. Бу Ўзбекистон иқтисодиёти ривожида муҳим роль ўйнаётган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳамда хусусий сектор имкониятларини кенгайтиришга маълум даражада ёрдам бермоқда.

Тадбирда банк вакиллари томонидан Андижон офисини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар хусусида кенг маълумотлар берилди.

– Фарғона водийси, хусусан, Андижон Ўзбекистоннинг энг аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳамда тадбиркорлик жадал ривожланаётган ҳудуди ҳисобланади, – дейди ЕТТБ Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва молиялаштириш департаменти бошқаруви директори Клаудио Виеццоли. – Қолаверса, ушбу ҳудуд бизнес борасида қўшни Қирғизистон, Тожикистон Республикалари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Фаолиятимиз кўлами имкон қадар кенгроқ бўлишини таъминлаш мақсадида вилоятлар ичида илк офисни айнан Андижонда ташкил этдик. Офис ҳудуддаги кичик ва ўрта бизнес субъектлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш, тадбиркорларга зарур тавсия ҳамда маслаҳатлар бериш бўйича хизмат кўрсатади.

photo5321094365688474492.jpg

Офиснинг очилиши Европа Иттифоқи ҳамда ЕТТБнинг Кичик бизнес билан ҳамкорлик фонди кўмагида ҳудудларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, бизнес маслаҳатлар бериш дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми бўлди. Мазкур дастур доирасида Ўзбекистонда етмишга яқин лойиҳа молиялаштирилган. Биргина 2018 йилда банк 12 та лойиҳани амалга ошириш бўйича умумий қиймати 400 миллион евролик шартнома имзолаган. Ана шу лойиҳалар ичида Фарғона водийси вилоятларида шаҳар, энергетика ва сув таъминоти инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳалар салмоқли ўрин тутади.

Офисда самарали фаолият юритиш учун барча шароит яратилган бўлиб, мутахассислар томонидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, хорижий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Фарғона водийси тадбиркорларига тавсия ва маслаҳатлар берилади, истиқболли лойиҳалар молиялаштирилади.