Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Етмишда ёшарган ижодкор
21:15 / 2023-11-14

Кейинги пайтларда давлатимиз томонидан ёши улуғ шоир ва ёзувчиларга катта эътибор кўрсатилмоқда.

Чиноз туманилик Абдужалол Раҳимов ҳам ана шундай ижодкорлардан. У 1953 йили таваллуд топган. 1980 йили ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг илк ҳикояси “Йироқдаги азиз дўст” номи билан “Мухбир” журналида 1983 йилда чоп этилган. Кейинчалик адибнинг “Ломакон”, “Мугат фолбин”, “Йўлда кетаётган одам”, “Тоғ гўзали” номли асарлари нашр этилган. Адибнинг “Абу Али ибн Сино” трилогияси шу йил ўқувчилар қўлига етиб борди. 

Чиноз туманидаги Эшонобод маданият саройида адибнинг 70 йиллик юбилейи муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди. Тадбир “Ёзмасдан яшаб бўлмайди” деб номланди. Унда ижодкорнинг “Абу Али ибн Сино” трилогия-китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят фаоллари, шоир ва ёзувчилар, адибнинг оила аъзолари ва ёшлар қатнашди. 

Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг табриги ўқиб эшиттирилди, адибга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Ижодкорнинг ўтган йиллар давомидаги фаолияти, ёзган асарлари эса халқимиз, айниқса, ёшларнинг Ватанпарварлик руҳида, адабиётга меҳрли бўлишида катта аҳамиятга эга бўлаётгани таъкидланди.

[gallery-14574]

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, таржимон ва олим Муҳаммад Али, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир ва бошқа ижодкорлар Абдужалол Раҳимнинг асаридаги ўзига хос томонлари ҳақида сўз юритди. 

– Аслида тарихий мавзуда илмий асар ёзишдан кўра, бадиий асар ёзишнинг ўзига яраша қийин томонлари бор, – дейди таниқли ижодкор Салим Ашур. – Чунки бу жараёнда фақат фактлар эмас, балки асарга жон бағишлаш керак. Ўша даврда яшаган инсонларнинг кўнгил кечинмалари, ўзаро муносабатларни табиий кўрсатиш лозим бўлади. Бу ижодкордан катта маҳорат ва меҳнат талаб қилади. Ўқувчи кўз олдига воқеалар ривожини келтириши ва қаҳрамонлар билан бирга яшаши керак. Ўйлашимча, “Абу Али ибн Сино” трилогия-китобида ҳам бу каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. 

– Ёзувчининг маҳорати шундаки, Абу Али ибн Синонинг қиёфаси бошқача тасвирлаган, – дейди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Айниқса, бунда саргузашт элементлари маҳорат билан қўшилганки, китобхон воқеаларга қандай кирганини билмай қолади. Бу каби романлар орқали биз ўз боболаримизни янада яқиндан таниймиз. 

Тадбирда ташкилотчилар томонидан “Абу Али ибн Сино” трилогия-китобини ҳомийлик асосида кўп нусхада чиқариш ва ҳудуддаги таълим муассасалари кутубхоналарига тарқатиш учун таклифлар айтилди. 

А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА мухбири