ФОТОРЕПОРТАЖ
“Зулфияхоним издошлари” рукни
Зулфияхоним номи — нафосат, матона ва маънавий юксалиш тимсоли. Унинг номини олган давлат мукофоти соҳибалари эса бу ишончга муносиб бўлишни ҳаёт мазмунига айлантирган аёллардир.
“Зулфияхоним издошлари” лойиҳаси ана шу фидойи аёлларнинг бугунги фаолиятига назар ташлар экан, ёшликдаги эътироф улар учун янги марраларни забт этишга туртки бўлганини намоён этади.
Шу каби истеъдод эгаларидан бири — пианист ва педагог Нодира Дадамуҳамедова.
Нодира Дадамуҳамедова 1995 йил 23 август куни Тошкентда туғилган. Мусиқага бўлган қизиқиши болалигидан намоён бўлиб, 2002 йилда В.А. Успенский номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактабида таҳсил ола бошлади. У ерда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Алла Ким синфида сабоқ олди.
[gallery-28009]
Ёш истеъдоднинг меҳнатсеварлиги ва санъатга садоқати 2010 йилда муносиб эътироф этилди — у Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибасига айланди. Бу мукофот Нодира учун нафақат юксак эътироф, балки янада катта масъулият ҳам бўлди.
У мусиқа соҳасидаги билими ва маҳоратини чуқурлаштириш мақсадида 2014 йилда Ўзбекистон Давлат консерваториясига ўқишга кирди. Бу ерда профессор, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Офелия Юсупова раҳбарлигида таҳсил олди. 2020 йилда у консерваторияни бакалавр ва магистр даражалари бўйича имтиёзли диплом билан муваффақиятли тамомлади.
Айни пайтда Нодира Дадамуҳамедова Ўзбекистон Давлат консерваториясида катта ўқитувчи сифатида фаолият юритиб, ёш авлодга мусиқа санъатининг нозик жиҳатларини ўргатиш, миллий ва жаҳон классик мусиқасини тарғиб этишда самарали меҳнат қилмоқда.
Пианистнинг ижодий фаолияти кенг қамровли. У 15 дан ортиқ халқаро танловлар лауреати, жумладан: Грециядаги “Концертеум”, Франциядаги Рубинштейн, Эстониядаги Шопен, Италиядаги “Le Muse”, Португалиядаги “Cidade do Fundão”, Руминиядаги “Pro Piano Romania”, шунингдек Монюшко номидаги ва “Città di Barletta” халқаро танловларида қатнашиб, юқори натижаларга эришган. 2025 йилда “Моҳир фортепианочи” республика танлови лауреати бўлди.
Шунингдек, у Ўзбекистон ва Беларусь симфоник оркестрлари билан концерт дастурларида иштирок этиб, ижро маҳоратини намоён этмоқда.
Бугун Нодира Дадамуҳамедова нафақат халқаро танловлар ғолиби, балки ёш авлод учун устоз ва илҳом манбаи сифатида ҳам танилмоқда. У ўз фаолияти орқали мусиқа санъатини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон номини халқаро маданий майдонда янада юксалтиришни мақсад қилган.
Зулфияхоним издошларининг ана шундай фидокорона меҳнати юртимизда истеъдод ва илмга бўлган эътибор ҳамда ёшларга яратилаётган имкониятлар самарасини яққол кўрсатмоқда.
Камола Юсупова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА