Ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда раҳбар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот муҳитини яратиш мақсадида мамлакатимизда турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Геология фанлари университетида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлди.
Унда Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов ҳамда Геология фанлари университети ректори Аъзам Қодирхўжаев иштирок этди.

Учрашувда қайд этилганидек, ёш авлод ҳар қандай жамиятнинг энг қимматли бойлиги, келажакнинг асосий қурувчилари ҳисобланади. Ёшларга бўлган эътибор ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олишга бўлган интилишига ёрдам бериш туфайли мамлакатимизда ислоҳотларнинг самарадорлиги ошади ва иқтисодий, ижтимоий ривожланишга замин яратилади.

– Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги ғоялари ва инновацион ёндашувларини рағбатлантириш муҳим вазифалардан бири саналади. Шахс ва жамоатчиликнинг ёшларга қаратадиган диққати, уларнинг меҳнатига берилган эътироф ёш мутахассисларни янада фаол ва масъулиятли бўлишга ундайди. Ҳар бир раҳбар, мутахассис ва жамоат аъзоси ёшларни қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Чунки ёш кадрларга бериладиган имкониятлар, уларнинг ривожланишига, янги билим ва кўникмалар эгаллашларига ёрдам беради, – деди У.Юсупов.
Тадбир давомида ёшлар томонидан берилган долзарб саволларга жавоблар берилди, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.

Шундан сўнг вазирлик томонидан ташкил этилган “Кон-геология соҳасида йилнинг энг яхши рационализатор ғоялари” танлови ғолиблари тақдирланди.
Танловда “Олмалиқ КМК” АЖ ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Санжар Тўлдибоев “Йилнинг энг яхши рационализатори” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
–Бу каби танловлар биз, мутахассислар учун катта рағбат ва илҳом манбаи ҳисобланади. Рационализаторлик таклифим қўллаб-қувватлангани, соҳадаги самарадорликни оширишга хизмат қилгани мен учун фахрдир. Бундай эътироф эса менга келгуси мақсадлар сари интилишимда катта куч беради, – деди у.
Шунингдек, Геология фанлари университети ректори томонидан Уфа шаҳрида ўтказилган III Халқаро “GeoVizov” мусобақасида совринли ўринни қўлга киритган “Учқудуқ” жамоаси аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА