Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил Бухорога ташрифи чоғида “Қоракўл кумуш калава” тўқимачилик фабрикасининг янги линияси фаолиятига старт берган эди. Ундан ярим тайёр мато ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида ҳудуднинг яна 320 нафар аҳолиси иш ўрнига эга бўлди.
Корхона 2023 йилда қиймати 39,1 миллиард сўмга тенг йиллик қуввати 8 миллион погона метр тўқима мато ишлаб чиқарди. Бу эса корхона имкониятларини янада кенгайтирди.
Ҳозирда корхона нафақат иқтисодий фойда келтирмоқда, балки ёшларни замонавий технологиялар билан ишлашга ўргатиш, уларнинг касбий малакасини ошириш учун ҳам катта имконият яратмоқда. Шу сабабдан ҳам “Қоракўл кумуш калава” фабрикаси одамларнинг меҳнати ва орзулари уйғунлашиб, барака ва юксалишга элтувчи масканга айланмоқда. Корхона раҳбари Асрор Мансуров Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни олдидан “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас.
– Президентимиз томонидан кластер фаолиятига жуда катта эътибор қаратиляпти. Буни қатор фармонлар, қарорлар, ислоҳотларда кўриш мумкин. Жуда катта енгилликлар, меҳнатимизга яраша корхона фаолиятини тиклаш, экспортни йўлга қўйиш учун имкониятлар яратилган. Байрам арафасида меҳнатимизнинг эътироф этилгани, жамоамиз учун жуда катта мукофот бўлди. Бундан руҳланиб кейинги фаолиятимизда улкан режаларни белгилаб олдик, – дейди Асрор Мансуров.
[gallery-26889]
Дастлаб, 2019 йилда 3 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспортини амалга оширган корхона ўтган йили 4.5 миллион АҚШ долларига етказди. Жорий йил якуни билан жамият Хитойдан келтирилган энг сўнгги русумдаги дастгоҳлар ёрдамида Европа давлатларига экспортни 7 миллион доллардан ошириш истагида.
– Маҳсулотларни асосан, Россия, Туркия ва Европанинг айрим давлатларига экспорт қиламиз, – дейди жамият иш бошқарувчиси Бекмурод Норбоев. – Корхонада 400 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Ишчиларнинг асосий қисмини туман хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этади. Тайёр маҳсулотни бўяб, тикиш цехларига юбориб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш орқали яна 250-300 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
– Тўқувчи лавозимида ишлайман. Ишимиз асосан машинкада ипларни улаб, тайёрланаётган маҳсулот сифатини текширишдан иборат. Асосан ёшлар, хотин-қизлар фаолият олиб боради. Ҳозирги кунда шу соҳанинг илғор етук мутахассислари бизга замонавий асбоб-ускуналар билан ишлашни ўргатмоқда, – дейди Нилуфар Аралова.
Ходимлар учун яратилган қулай меҳнат шароитлари уларнинг самарали ишлашига, оилаларнинг барқарор даромад топишига замин яратмоқда. Бу ерда йилига ўн миллион погоно метр пишиқ, сифатли мато ва уч минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.