Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Эътироф менга янги куч-ғайрат бағишлади"
20:03 / 2024-08-16

Самарқанд вилояти ҳокимлигида давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 августда қабул қилинган фармон ҳамда фармойишига мувофиқ Тадбиркорлар куни муносабати билан давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган самарқандлик ишбилармонларга ушбу мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов тадбиркорларни табриклаб, уларнинг фидокорона меҳнатлари, вилоят иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этди. 

Президентимиз фармонига кўра, Самарқанд шаҳридаги “Ahmadbek Qurilish Trio” масъулияти чекланган жамияти бош директори Илҳом Рустамов “Дўстлик” ордени, Ургут туманидаги “Bekmez Carpet” масъулияти чекланган жамияти директори Умаржон Ибодуллаев ва Пайариқ туманидаги “Silver Green Tea” оилавий корхонаси директори Шокир Эшонқулов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шунингдек, аҳоли фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келаётган саккиз нафар ташаббускор тадбиркор "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан мукофотланди.

[gallery-18770]

– 10 йилдан бери қурилиш соҳасида ишлайман, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Илҳом Рустамов. – Ўтган йили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлангандим. Бу йил давлат мукофотига муносиб кўришибди. 200 нафардан ортиқ ишчим бор. Бундан кейин ҳам тадбиркорлар учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, жамиятимиз, давлатимиз ривожига ҳисса қўшишда давом этамиз.

— Кулолман, тадбиркорликни шу ҳунарим устида йўлга қўйганман, — дейди “Samarqand keramika cherepitsa” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдували Набиев. – Бугунги кунда биз ишлаб чиқараётган миллий керамика маҳсулотлари бутун республика бўйлаб сотилади. Яқинда Тожикистонга 70 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Харидорларимиз йил сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги эътироф менга янги куч-ғайрат бағишлади.

Маросим тадбиркорлар учун ташкил этилган байрам тадбири билан давом этди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари